Қозоғистонлик бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Бейбут Шуменов Остонадаги Mega Silkway савдо марказидаги муштлашувдан сўнг қидирувга берилган. Бу ҳақда 24 июль куни Қозоғистон пойтахти полиция бошқармаси баёнотига таяниб, Tengri News хабар беради.
Аввалроқ, Шуменов савдо марказида боласини қўлда кўтариб олган Қирғизистон фуқароси Азизбек Қодировни калтаклагани маълум бўлган эди. Тегишли видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, жамоатчиликнинг кескин реакциясига сабаб бўлди. Муштлашувга собиқ боксчи ва қирғизистонлик болаларининг ўртасида ўйин майдонида келиб чиққан жанжали сабаб бўлган.
«Mega Silkwayда 18 июнь куни содир бўлган воқеа юзасидан Остона шаҳар полиция бошқармаси Бейбут Шуменовга нисбатан Жиноят кодексининг 293-моддаси («Безорилик») бўйича терговга қадар текширув ўтказмоқда. Шу билан бирга, ушбу фуқаро жиноят-процессуал қонунчилиги нормаларига мувофиқ расмий равишда давлатлараро қидирувга берилган», — дейилади ҳуқуқ-тартибот идораси хабарида.
Собиқ боксчини давлатлараро қидирувга берилгани ҳақидаги маълумотлар Қозоғистоннинг ҳуқуқий статистика ва махсус қайдлар порталида пайдо бўлган.
Қозоғистоннинг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Динара Закиева ҳам бундан олдин вазиятга муносабат билдирган. Болалар омбудсмани Шуменов ўз қилмиши билан отаси қўлида бўлган боланинг ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйганини ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлайди.
ℹ️ Бейбут Шуменов ярим оғир ва биринчи оғир вазн тоифаларидаги жангларда иштирок этган. WBA супер жаҳон чемпиони (2013-2014), WBA мунтазам жаҳон чемпиони (2010-2013) ва енгил вазн тоифасида IBA жаҳон чемпиони (2009-2014). 2016 йили Шуменов енгил вазн тоифасида (WBA super) ва биринчи оғир вазнда (WBA regular) жаҳон чемпиони бўлган биринчи қозоғистонлик боксчи сифатида тарихга кирган: У 2018 йил июль ойида охирги жангини ўтказган ва бу билан фаолиятини якунлаган, гарчи расман бу ҳақда эълон қилмаган бўлсада.