Қирғизистон ҳукумати Россияга санкция қўйилган товарлар етказиб берилишининг олдини олишга ваъда берди

Оқилбек Жапаров. edu.gov.kg сайти фотосурати

Қирғизистон ҳукумати Россияга Ғарб санкцияларига дучор бўлган товарлар етказиб берилишининг олдини олиш чораларини кўради. Бу ҳақда Бош вазир Оқилбек Жапаров АҚШ маъмуриятининг Марказий Осиё республикасига қарши санкциялар жорий этиш режалари ҳақидаги хабарларига изоҳ бераркан, маълум қилди деб ёзади Tazabek.kg.

«Келгусида санкцияланган товарлар чегарамиздан ўтмаслиги ва санкциялар мавжуд бўлган жойга кетмаслиги учун чоралар кўрилади»,деди Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси.

Жапаровнинг қайд этишича, Қозоғистон томони Россия компанияси учун мўлжалланган ва ўз ҳудудида қўлга олинган Хитой дронларининг партияси Қирғизистондан келгани ҳақида ҳеч қандай далил келтирмаган. Қирғизистон ҳукуматини Россияга санкция қўйилган маҳсулотларни етказиб беришдан қайтариш ниятида бўлган америкалик ва европалик дипломатларнинг Бишкекка ташрифини эсга оларкан, Бош вазир мамлакат ҳукумати ҳозирда санкцияларга тушиб қолиш хавфини бартараф этиш учун барча профилактик чораларни кўраётганини айтди. Жапаровнинг сўзларига кўра, ҳозирча жиддий хавотирга сабаб йўқ.

«Дунёдаги вазият жуда тез ўзгариб бормоқда, айниқса йирик давлатлар ниманидир хоҳлаган пайтда. Биз тўғри йўналишда ишлаяпмиз. Шунинг учун мен бизнесдан сўрайман: электрон ҳисоб-фактураларни олинг, тўсатдан у ерда тасодифан бошқа нарсалар пайдо бўлмаслиги учун», — деди Бош вазир.

Бир кун олдин Қирғизистон Иқтисодиёт ва савдо вазирлиги Хитойнинг учувчисиз учоқлари партиясини Қозоғистон орқали транзит қилишга уринган «Инвест Импульс» компанияси ушбу турдаги ускуналарни олиб кириш учун рухсатнома олиш учун вазирликка мурожаат қилмагани ҳақида хабар берган эди.

«Учувчисиз учиш аппаратлари Қирғизистон Республикаси назорат қилинадиган маҳсулотлар миллий назорати рўйхатига киритилган ва миллий қонунчиликка мувофиқ рўйхатга киритилган икки мақсадли ва ҳарбий товарларнинг импорти, экспорти, реэкспорти ва транзити лицензия олинишини талаб қилади», — деб тушунтирди вазирликдагилар.

Расмийларнинг тан олишича, «Инвест Импульс» қишлоқ хўжалигида дронларнинг кенг қўлланилишини билган ҳолда, ушбу маҳсулот экспорт назорати остида эканлигига шубҳа қилмаган.

«Таъкидлаш жоизки, мазкур ҳолат экспорт назорати соҳасидаги ягона қоидабузарлик бўлиб, «Инвест Импульс» МЧЖ тегишли жавобгарликка тортилган», — дейилади вазирлик хабарида.

Айни пайтда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси санкция чекловларини бузиш ҳолатлари бўйича текширув бошлаган. МХДҚ «АҚШ ва Ғарб давлатлари томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкция чекловларига риоя қилиш режимини бузишда Қирғизистон давлатининг ўзи, бирон-бир давлат тузилмаси ва компаниялари ҳам алоқадор эмас», деб таъкидлайди.

Қўмита ҳуқуқбузарликларга хусусий компаниялар ва фирмалар дахлдор бўлишига йўл қўяди, зеро улар етказиб берадиган маҳсулотларнинг охирги истеъмолчиси ва фойдаланувчиси ким бўлиши мумкинлигини билмаслиги мумкин.

«Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тегишли чораларни кўриш учун хусусий компания ва фирмалар иштирокида бўлиши мумкин бўлган бундай фаолиятни аниқлаш ва тўхтатишга қаратилган тегишли тергов ишларини бошлади. Қирғизистон Республикаси ва унинг давлат тузилмалари тегишли халқаро меъёр ва қоидаларга қатъий амал қилади», — дея ишонтирди Давлат қўмитаси.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, 18 июль куни The Washington Post нашри АҚШ президенти маъмурияти Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бераётгани учун Қирғизистонга қарши иқтисодий чоралар кўриш ниятида экани ҳақида хабар берган эди. Яқин кунларда чекловлар жорий этилиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ