18 июль куни Исломободда Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон вакиллари Трансафғон темир йўли қурилиши бўйича қўшма протоколни имзоладилар. Унинг йўналиши дастлабки режага нисбатан ўзгартирилади, деб ёзади ТАСС Афғонистоннинг Покистондаги элчихонаси баёнотига таяниб.
Протокол Покистон пойтахтида уч давлат ишчи гуруҳи учрашуви якунлари бўйича имзоланган. Темир йўл артериясининг йўналиши Ўзбекистоннинг Термиз, Афғонистоннинг Мозори Шариф ва Логар шаҳарларидан ўтиб, Пактия вилоятидаги Харлачи чегара постида Покистон ҳудудига етиб боради. Дастлаб темир йўл Покистон ҳудудига Нангарҳор провинциясидаги Торхам чегара пункти орқали кириши режалаштирилган эди.
Покистон Темир йўллари вазирлиги уч мамлакат темир йўл линияларини боғлаш ва улар бўйлаб йўловчи ва юк ташиш нафақат иштирокчи давлатлар ўртасида минтақавий, транзит ва ўзаро савдо-сотиқни осонлаштирибгина қолмай, балки уларнинг иқтисодий ривожланишини таъминлайди, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишига урғу берди.
Покистон, Афғонистон ва Ўзбекистон ҳам лойиҳани тезроқ амалга ошириш учун техник тадқиқотлар бўйича йўл харитаси ва молиялаштириш манбаларини келишиб олди.
Ўзбекистон томонига кўра, Афғонистон орқали ўтадиган 760 километрлик темир йўл Покистонга юкларни етказиб бериш муддатини тахминан беш кунга қисқартиради ва транспорт харажатларини камида 40 фоизга камайтиради. Тахминларга кўра, қиймати 6 миллиард долларгача бўлган лойиҳа 2027 йил охиригача якунланади, 2030 йилгача поездлар Трансафғон темир йўли бўйлаб йилига 15 миллион тоннагача юк ташиш имкониятига эга бўлади.
Янги темир йўл йўналиши Европа Иттифоқи мамлакатлари, Россия, Ўзбекистон ва Афғонистонни Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига товарлар экспорт қилиши учун Покистоннинг Араб денгизидаги портлари билан боғлайди.