АҚШ маъмурияти Қирғизистоннинг Россияга санкцияланган товарлар транзитини тўхтатишига мажбурлаш учун унга қарши иқтисодий чоралар кўрмоқда. Чекловлар яқин кунларда киритилиши мумкин, деб ёзади The Washington Post нашри Оқ уйнинг аноним қолишни истаган расмийларига таяниб.
Нашр манбаларига кўра, Қирғизистонда Россия қонуний равишда бошқа жойдан сотиб ололмайдиган Ғарб ва Осиё давлатлари маҳсулотларини транзит қилиш билан шуғулланувчи кўплаб корхоналар мавжуд. Бунга биргига РФга Хитойнинг 14 та DJI Agras T-30 учувчисиз учиш аппаратларини олиб ўтишга уринаётган пайтида Қозоғистон божхоначилари томонидан қўлга олингани мисол бўла олади.
«Юк жўнатиш ёрлиғида Хитой дронлари боғлар ва йирик фермер хўжаликларида ишлатиладиган кучли ҳосил йиғиш машиналари сифатида кўрсатилган. Аммо май ойи бошида ҳар бир аппаратни деярли 14 000 доллардан сотиб олган Россия компанияси уларни бошқа мақсадларда фойдаланиши мумкинлигига ишора қилади», — дейилади WP материалида.
Унда қайд этилишича, 2022 йил Москва Украина ҳудудида махсус ҳарбий операция (МҲО) ўтказилаётганини эълон қилганидан сўнг Қирғизистонда асосан Россия билан бизнес юритувчи импорт-экспорт компаниялари сони кескин ошган. Улар санкцияланган Хитой ва Европа товарларини – «дронлар ва самолёт қисмларидан тортиб, оптик нишонлар ва илғор бомба схемаларни» Россиядаги компанияларга қуруқлик орқали етказиб бериш савдосидан даромад олишмоқда, дея тушунтиради
The Washington Post манбаларидан бири.
Ҳисоботлар шуни кўрсатадики, 2022 йили Қирғизистоннинг Россияга экспортини умумий ҳажми ўтган йилга нисбатан 250 фоизга ўсган. Шу билан бирга, мамлакат Россия Федерациясига илгари экспорт қилмаган товарларни етказиб бера бошлаган, масалан, оптик нишонлар. Қирғизистондан товарлар сотиб олаётган рус фирмалари кўп ҳолларда Россия мудофаа саноатининг таниқли етказиб берувчиларидир, дейди WP манбалари.
Қирғизистон ҳукуматини Россияга санкция қўйилган маҳсулотларни етказиб беришдан тиймоқчи бўлган америкалик ва европалик дипломатларнинг Бишкекка бир неча ойлик ташрифлари бесамар кетди, деб ёзади газета.
Қирғизистоннинг Вашингтондаги элчихонасида WP сўровига жавобан мамлакат раҳбарияти халқаро меъёрларга риоя қилиши, контрабанда ва бошқа ноқонуний савдога қарши курашиш мажбуриятини олганини таъкидлашган. Москва билан товар айирбошлашнинг ўсиши чегаралар орқали товарлар ҳаракатини кузатишнинг электрон тизимларини такомиллаштириш билан изоҳланган.
Дипломатик миссия танқидларда «ҳақиқий иқтисодий контекст»ни ҳисобга олинмаганини таъкидлайди.
«Қирғизистон ва Россия Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо ва умуман Россия бизнинг асосий савдо ҳамкорларимиздан биридир. Бир миллиондан ортиқ фуқароларимиз Россияда ишлайди», — дейилади Қирғизистон элчихонасининг жавобида.
ℹ️ Бундан олдин ОАВда МДҲ орқали Россияга АҚШ, Япония ва Европада ишлаб чиқарилган кўплаб маҳсулотлар – смартфонлардан тортиб, автомобилларгача олиб кирилаётгани ҳақида хабарлар берилганди. Шунингдек, 2022 йил охирига келиб Европа Иттифоқидан Қирғизистонга товарлар экспорти 300 фоизга, айрим моддалар бўйича – илғор технологиялар ва икки мақсадли маҳсулотлар бўйича – 700 фоизга ошгани маълум қилингагн. Жорий йилнинг март ойида The Economist журнали Россиянинг геосиёсий иттифоқчилари ҳисобланган мамлакатлар рейтингини тузган эди. Унда Қирғизистон Беларусь ва Арманистондан кейин учинчи ўринни эгаллайди.