Олмаота вилояти Кеген туман суди вилоят полициясининг собиқ бошлиғи Серик Кудебаевни давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбдор деб топиб, олти ойга озодликдан маҳрум қилган. Бу ҳақда Kazakhstan Today хабар берди.
Жараён давомида собиқ полиция генерал-майори ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган.
Буни инобатга олган ҳимоячи суддан 500 ойлик ҳисоб кўрсатгичи – 1,7 миллион тенге (тахминан 4000 доллар) миқдорида жарима билан чекланишини сўраган.
Бироқ, судя Кудебаевни тергов давомида мамлакатдан қочиб кетгани учун олти ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилган.
Аммо айбланувчининг тергов изоляторида ўтказган куни колониядаги бир ярим суткага тенглаштирилгани боис, унинг илгари мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани учун (10 йил) олган узоқ қамоқ муддатига амалда бор-йўғи уч ой қўшилган.
Эслатиб ўтамиз, 28 апрель куни Жетису вилоят суди Кудебаевни 2022 йил январь воқеалари вақтида мансаб ваколатини суиистеъмол қилгани ва қийноқлар қўллагани учун 10 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.
Тергов маълумотларига кўра, Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар бошланганидан сўнг, ўша пайтда Олмаота вилояти коменданти лавозимини эгаллаб турган генерал-майор ўз қўриқчилари билан бирга ўзи қўриқлаши керак бўлган полиция бошқармаси идорасини ўзбошимчалик билан тарк этган. Натижада тўполон қилган одамлар бинони эгаллаб, ундаги қуролларни ўғирлаб кетишган.
Полициячи устидан суд жараёни шу йилнинг январь ойи бошида бошланган. Ҳукм 10 март куни эълон қилиниши режалаштирилган, бироқ Кудебаев касалхонага ётқизилган, шундан сўнг мажлис бир неча марта қолдирилган.
Жараён давомида зобит уй қамоғида бўлган, бироқ март ойи охирида у мамлакатни тарк этиб, Қирғизистон орқали Туркияга кетишга муваффақ бўлади. Қозоғистон Чегара хизмати Кудебаев расмий фаолият кўрсатаётган назорат-ўтказиш пунктлари орқали давлат чегарасини кесиб ўтмаганини маълум қилган. Бош прокуратура қочиб кетиш факти бўйича жиноий иш қўзғатади. 27 апрель куни генерал-майор Истанбулда қўлга олингани ва ўз ватанига олиб келингани маълум бўлди.