2023 йил 1 июлидан Қозоғистон экология хизматлари ходимларига расмий маошларига 100 фоиз устама тўланади, деб хабар берди республика Бош вазири Алихон Смаилов.
Қайд этилишича, ҳукуматнинг тегишли қарори мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг табиатни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи мутахассисларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича топшириқларини бажариш доирасида қабул қилинган.
Ҳужжат ҳаёт учун хавф билан боғлиқ иш учун қўшимча тўловларни белгилашни назарда тутади. Бундай чора ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш, ўрмонларни муҳофаза қилиш ва кўпайтириш ташкилотлари, ўрмонларни муҳофаза қилиш давлат хизмати ва бошқалар ходимларига таъсир қилади.
Ойлик маошининг ўсиши ҳисобига ўрмончилар ва бошқа мутахассисларнинг ўртача маоши иш стажига қараб 101 000 (227 доллар) дан 320 000 тенгега (720 доллар) гача бўлади.
Қозоғистон ҳукумати раҳбари матбуот хизматида таъкидланганидек, иш ҳақининг ошиши 12 876 нафар ходимга таъсир қилади. Кўрилаётган чора-тадбирлар малакали кадрларнинг кетиб қолишини камайтиришга ва умуман экологик хизматларнинг жозибадорлигини оширишга ёрдам бериши кутилмоқда.
Қозоғистонда ҳар йили баҳор-ёзда кучли ўрмон ёнғинлари кузатилади ва кўпинча ўрмончилар биринчи бўлиб табиий офатларга қарши курашадилар. Жорий йилнинг 8 июнь куни республиканинг Абай вилоятида табиий массивлар ёниб кетди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг кечикиши ва ёнғин тарқалиш йўналишидаги нотўғри прогноз туфайли тез орада аланга 60 минг гектардан ортиқ майдонни қамраб олган.
Бундан ташқари, ёнғинни ўчириш пайтида ўрмон хўжалигининг яна бир муаммоси — ускуналар этишмаслиги аниқланди. Кўплаб ўрмончилар ёнғинга ўз машиналарида қўлбола воситалар ёрдамида келишган. Оқибатда бир неча кун ичида Абай вилоятида «Семей ўрмони» давлат қўриқхонасининг 14 нафар ходими ҳалок бўлган. Кейинчалик атроф-муҳитни муҳофаза қилиш хизмати вакилларига ёрдам беришга уринган яна бир маҳаллий тракторчининг ўлими ҳақида маълум бўлди.
Президент Тўқаев ўрмон ёнғинлари оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан 12 июнни умумхалқ мотам куни деб эълон қилди. Қўшимча қиламиз, бундан сал аввал давлат раҳбари Фавқулодда вазиятлар вазирини ишдан бўшатган эди.