Қозоғистон МХҚ собиқ раиси терроризм ҳомийлари рўйхатига киритилди

Карим Масимов. vedomosti.ru сайти фотосурати

Молиявий мониторинг агентлиги (ММА) Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси, давлатга хиёнатда айбланиб, 18 йилга озодликдан маҳрум этилган Карим Масимовни терроризм ва экстремизмни молиялаштиришга алоқадор шахслар рўйхатига киритди. Бу ҳақда «Информбюро» хабар беради.

Ушбу рўйхатни тузаётган ММА унга Массимовнинг икки собиқ ўринбосари Ануар Садиқулов ва Даулет Ергожинни ҳам киритган. Қайд этилишича, улар жорий йилнинг 1 июлида рўйхатга киритилган.

Агентлик сайтида таъкидланганидек, рўйхатни тузиш ва янгилаш Қозоғистоннинг терроризмни молиялаштириш каналларини тўсиш бўйича халқаро мажбуриятларини бажаришини таъминлашга қаратилган бўлиб, террорчилар томонидан молиявий операцияларда оилавий ёки бошқа алоқалардан фойдаланганликларини аниқлашга ёрдам беради.

Терроризм ва экстремизм ҳомийлари рўйхатига киритилган ташкилотлар ва жисмоний шахсларга нисбатан ҳисоб рақамлари, активлар ва бошқа мол-мулкни музлатиш чоралари кўрилмоқда, деб хабар беради ММА расмий сайти.

ℹ️ Карим Масимов мамлакатдаги энг нуфузли шахслардан бири бўлиб, собиқ президент Нурсултон Назарбоевга яқин ҳисобланган. Ўтган йиллар давомида амалдор республика бош вазири, маъмурият раҳбари ва Қозоғистон президенти ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

Массимов 2022 йил 8 январь куни Қозоғистонда ойнинг биринчи кунларида содир бўлган тартибсизликлардан сўнг ҳибсга олинган эди. Бир неча кун аввал у 2016 йилнинг сентябридан буён ишлаб келаётган МҲҚ раиси лавозимидан озод этилган эди. Разведка хизматининг собиқ раҳбари икки ойга ҳибсга олинган, кейин ҳибсга олиш муддати бир неча бор узайтирилган.

Шу йилнинг апрель ойида Массимов 18 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Суд уни Жиноят кодексининг давлатга хиёнат (Қозоғистон Жиноят кодексининг 175-моддаси 1-қисми), ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш (179-моддаси 3-қисми), ҳокимият ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш (362-модда 4-қисми 3-қисми) моддалари бўйича айбдор деб топган.

Шунингдек, унинг собиқ ўринбосарлари Садиқулов ва Ергожин узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди — уларга мос равишда 16 ва 15 йил қамоқ жазоси тайинланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ