Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди нашид ҳаволаларини тарқатгани учун уч йилга озодликдан маҳрум этилган талаба Жаҳонгир Улуғмуродовга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўз кучида қолдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар берди.
Мурожаат 17 июль куни очиқ мажлисда кўриб чиқилган. Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган, маҳкум шикоятлари қаноатлантирилмаган. Апелляция инстанцияси судининг ҳал қилув қарори устидан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича коллегиясига кассация шикояти ёки протест келтирилиши мумкин.
ℹ️ Жаҳонгир Улуғмуродов ҳибсга олинишидан олдин у Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 2-курс талабаси бўлган. 2023 йил бошида талаба дала ҳовлини ўғирлаганликда гумонланиб қўлга олинган. Онасининг сўзларига кўра, кечаси уйга икки киши келиб, ўғрилар «Жаҳон, Жаҳон!» деб бақиришгани учун улар маҳаллада яшовчи барча Жаҳонгирларни йиғишаётганини айтишган.
Улуғмуродовнинг мобил телефонини кўздан кечирилганида у Телеграм гуруҳидаги синфдошларига YouTube даги нашидга оид ҳаволани юборгани маълум бўлган. Дин ишлари бўйича қўмита экспертлари мазкур «нашид фундаменталистик ғояларни ўз ичига олгани ва уни Ўзбекистонда тарқатиш тақиқлангани»ни таъкидлаган.
8 май куни Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман суди Улуғмуродовни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-1-моддаси («Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш») билан айбдор деб топиб, уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилган.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Human Rights Watch талабани ҳимоя қилиб чиқди. HRW «экстремистик» деб аталувчи материалларни тарқатгани учун ҳибсга олинган Улуғмуродов ва бошқалар нашиддан зўравонликка ундашда фойдалангани ёки ундан фойдаланиш ниятида эканлигига оид ҳеч қандай далилсиз ҳибсга олиниши мансаб ваколатларини қўпол суиистеъмол қилиш эканлигини таъкидлайди.
«Ҳокимият Улуғмуродовнинг сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаши ва бундай ҳукмларни бекор қилиш чораларини кўриши керак», — дейилади ташкилот хабарида.