Қозоғистон Ўзбекистондан Афғонистонга транзит юклар учун тарифларни камайтиришни сўради

ҚОЗОҒИСТОН ВА ЎЗБЕКИСТОН ИШЧМ ГУРУҲЛАРИ МАЖЛИСИ. ҚОЗОҒИСТОН ҲУКУМАТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

Қозоғистон ҳукумати Ўзбекистондан Афғонистонга темир йўл орқали транзит тарифларини пасайтириш имкониятини кўриб чиқишни сўради. Бу ҳақда 17 июль куни Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари даражасидаги ишчи гуруҳининг Остонада бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича маълум қилди.

«[Томонлар] Қозоғистон ун маҳсулотларининг Ўзбекистон ҳудуди орқали транзити учун тарифларни пасайтириш имкониятларини муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратди. Қозоғистондан Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистонга ун экспорти ҳажми тарихий максимал даражада 2017 йили 1,209 миллион тоннага етган. Кейинги йилларда бу кўрсаткич сезиларли даражада камайган: 2021 йили — 536 минг тонна, 2022 йили — 816 минг тонна. Жорий йилнинг 6 ойида – атиги 275 минг тоннани ташкил этган», — дейилади хабарда.

Қозоғистоннинг ун экспорти бўйича салмоқли салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, Остона Тошкентга Ўзбекистон орқали Афғонистонга темир йўл орқали транзит ташишда базавий тарифга тариф имтиёзлари бериш имкониятини кўриб чиқиш илтимоси билан мурожаат қилган.

«Учрашув иштирокчилари темир йўл транспортида қулай тариф шартларини муҳокама қилиш ва аниқ таклифлар ишлаб чиқиш учун қўшма эксперт ишчи гуруҳи тузишга келишиб олдилар», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон Қозоғистон буғдойи ва унининг асосий ва анъанавий бозорларидан бири ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ