Туркистон шаҳар ихтисослаштирилган тергов суди Сариоғаш туманида беш ёшли қизчани ўлдирганликда гумон қилинаётган шахсга нисбатан икки ойлик қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ҳақида қарор қабул қилди. Қарор 15 июль куни қабул қилинган, деб ёзади Otyrar.kz.
Тергов маълумотларига кўра, 13 июль куни тушдан кейин гумонланувчи уйига маст ҳолатда қайтаётганида йўлда ўйнаётган қизни кўриб қолган.
У қизчани уйига алдаб олиб келиб, зўрлаган ва жиноят изларини яшириш мақсадида боланинг кўкраги ва қорин қисмига ошхона пичоғи билан бир неча марта зарба берган.
Жабрланувчи олган жароҳатларидан воқеа жойида вафот этган.
Суднинг қўшимча қилишича, гумонланувчининг ҳаракатлари Қозоғистон Жиноят кодексининг икки моддаси билан квалификация қилинади:
✔️ 99-модданинг 3-қисми («Қотиллик»);
✔️ 121-модданинг 4-қисми («Жинсий характердаги зўравонлик ҳаракатлари»).
Эслатиб ўтамиз, Туркистон вилоятининг Сариоғаш туманида қизнинг ўлдирилиши кенг резонансга сабаб бўлди. Маҳаллий аҳоли гумонланувчини ўзлари суд қилиб, жазолашмоқчи бўлган, бироқ полиция уни ўз вақтида қишлоқдан олиб кетишга муваффақ бўлган.
Воқеа мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг эътиборидан четда қолмади ва у Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига воқеа ҳолатларини синчиклаб ўрганишни топширди.
Воқеа содир бўлганидан кўп ўтмай, ҳибсга олинган Қозоғистон фуқароси муқаддам икки марта судлангани маълум бўлди. Биринчи марта қотиллик учун ўн йилга озодликдан маҳрум этилган бўлса, бу йил у баданга оғир шикаст етказгани учун уч йилга озодликни чеклаш жазосини олган.
Журналист Михаил Козачков иккинчи ишнинг тафсилотларини эълон қилди. Маълум бўлишича, қизни ўлдиришда гумонланувчи шахс маст ҳолатда қўшнисига болта билан ҳужум қилган. Блогер жиноятчини ҳибсга олмасликка қарор қилганларнинг исмларини ҳам айтиб ўтган.
«Шундай қилиб, судя Малаева жараён иштирокчиларини тинглаб, гумонланувчини қамоққа ташламасликка қарор қилган. Уй қамоғи етарли, деб ҳисоблаган. Ва кейин улар унга қамоқ жазоси ўрнига эркинликни чеклаш чорасини қўллашган. Бундай қарорни туман суди раиси Нурказий Шетенов қабул қилган. Хавфли жиноятчи озодликда қолган. Биз эса натижасини кўриб турибмиз — 5 ёшли қиз оламдан ўтди», — дея хулоса қилади Козачков.