Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига Туркистон вилоятининг Сариоғаш туманида беш ёшли қизалоқнинг ўлдирилиши билан боғлиқ ишни синчковлик билан ўрганишни топширди, деб хабар беради Акорда.
Қозоғистон ОАВларининг ёзишича, Сариоғаш тумани Жибек йўли қишлоғида яшовчи қизчанинг ваҳшиёна ўлдирилиши 13 июлга ўтар кечаси бу ҳақда ижтимоий тармоқларда ёзишганидан кейин маълум бўлган. Аниқлик киритилишича, маҳаллада яшовчи эркакнинг уйидан 2018 йили туғилган қизалоқнинг жасади топилган, полиция уни гумондор сифатида қўлга олган. Баъзи манбалар қурбон зўрлангани ҳақида хабар беришган.
Шу билан бирга, маҳаллий аҳоли хавфсизлик кучларидан ушбу одамни ўзлари суд қилишлари учун беришларини сўрашган. Бироқ, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўз вақтида гумонланувчини тергов изоляторига олиб боришга муваффақ бўлган.
Кейинроқ Туркистон вилояти полиция бошқармаси хабар беришича, 13 июль куни маҳаллий полиция бўлимига бир аёл мурожаат қилиб, боласининг йўқолиб қолганини хабар қилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида маҳаллий одамлардан бирининг уйида тан жароҳатлари олган қизалоқнинг жасади топилган.
«Мазкур факт Жиноят кодексининг 99-моддаси («Қотиллик») билан қайд этилган. Экспертиза тайинланди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумонланувчи тергов изоляторига жойлаштирилди. <…> Тергов жараёни Туркистон вилояти полиция бошқармаси раҳбариятининг алоҳида назорати остида», — дея полициядан иқтибос келтирган КазТАГ агентлиги.
Otyrar.kz нашри гумонланувчининг шахси ҳақидаги тафсилотларни маълум қилади. Бу шахс аввали қотиллик учун ўн йилга қамалган 48 ёшли эркак бўлиб чиққан. Бундан ташқари, бу йил ҳам у судланган ва қасддан баданга оғир шикаст етказгани учун уч йилга озодликни чеклаш жазосига маҳкум қилинган. Қайд этилишича, қозоғистонлик пробация назоратида бўлган.
Дарвоқе, президент Тўқаев бу ҳолатга алоҳида эътибор қаратган. «Давлат раҳбари жорий йилда чиқарилган ҳукмнинг қонунийлигини кўриб чиқиш ва шахсга нисбатан ўта хавфли жиноятлар учун жиноий жавобгарликни кучайтиришни муҳим деб ҳисоблайди», — дейилади Оқорда.
Ranking.kz статистик маълумотларига кўра, 2023 йил январь-май ойларида Қозоғистонда вояга етмаганлар ўртасида 1080 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган бўлиб, бу ўтган йилнинг биринчи беш ойига нисбатан 7,6 фоизга кўпдир. Жиноятларнинг аксарияти – 364 таси ўртача оғир, 252 таси оғир, 198 таси ўта оғир ва 194 таси унчалик оғир бўлмаган жиноятлар тоифасига киради.