Тожикистондаги ТИУП фаолининг жияни ижтимоий тармоқларда фикр билдиргани учун 6 йилга қамалди

ХАТЛОН ВИЛОЯТИ СУДИ БИНОСИ. «ОЗОДИ» САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Тожикистон Ислом Уйғониш партияси* (ТИУП) фаолининг жияни Саидумар Саидов ушбу ташкилотда иштирок этганликда айбланиб, олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг тожик хизмати) маҳкум Шамсиддин Саидовнинг амакисига таяниб хабар берди.

«Саидумарга нисбатан ҳукм 11 июль куни Хатлон вилояти суди томонидан чиқарилди. Билишимча, жияним мақола остида ўғлим Абдулло ҳақида «Аллоҳим, амакимни туҳматдан асрагин» деб изоҳ қолдиргани учун ҳибсга олинган. Ҳукм чиқаришда Саидумарнинг онаси ва рафиқаси ҳозир бўлди. Улар ҳайратда қолдилар: биргина изоҳ учун одам олти йилга қамалишини ҳеч ким кутмаганди», — дейди Тожикистон ва Россияда фаолияти тақиқланган ТИУП фаоли Шамсиддин Саидов.

Хатлон суди ходимларидан бири Саидумар Саидовга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг 307-моддаси («Экстремистик жамоада иштирок этиш») 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилганини тасдиқлади. Бу қилмиш тўрт йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум бўлиш мумкин.

«Аммо ҳукм чиқарилганми-йўқми, билмайман», — дея қўшимча қилади ходим. «Озоди» Хатлон суди судяси билан боғланолмаган.

Яқинларининг сўзларига кўра, 31 ёшли Саидумар Саидов шу йилнинг апрель ойида Қўшониён туманида қўлга олинган. Бироқ, унга адвокат берилмаган.

«Ҳукм устидан шикоят қилиш мантиққа тўғри келмайди»,деб ҳисоблашади маҳкумнинг қариндошлари.

ТИУП асосчиси Саид Абдулло Нурийнинг собиқ ёрдамчиси Шамсиддин Саидовнинг ўғли Абдулло Шамсиддин шу йил 18 январь куни Германиядан Тожикистонга депортация қилинган эди. Март ойи охирида у етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган — Душанбе шаҳрининг Сино тумани суди Шамсиддинни республика Жиноят кодексининг 307-модда 1-қисми («Тожикистон Республикаси конституциявий тузумини зўравонлик билан ўзгартиришга оммавий чақириқ») бўйича айбдор деб топган.

Шамсиддин Саидовнинг ўзи эса 2018 йили Хатлон вилояти суди томонидан сиртдан 15 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Сўнгги йилларда Тожикистон судлари мамлакат ҳукумати томонидан тақиқланган турли мухолифат ташкилотлари фаолларининг бир неча қариндошларини ҳибсга олиб, турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Шу йилнинг апрель ойида фуқаролик фаоли Илҳомжон Қурбоновнинг хорижда бўлган укаси Самариддин Қурбонов Фархор туманида қўлга олинган. Расмийлар Самариддинни тақиқланган ташкилотлардан бирининг фаолларидан пул олганликда ва уни мухолифатда ҳукм қилинганларнинг оилаларига ўтказиб беришда айблаган.

Ўтган йили ТИУП асосчиси, Миллий ярашув комиссиясининг собиқ раиси Саид Абдулло Нурийнинг беш нафар қариндоши «чет элдан ноқонуний маблағ олганлик»да айбланиб, турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Таъкидлаш жоиз, Тожикистон ҳукумати мухолиф партия ва гуруҳларнинг хорижда бўлган тарафдорлари билан ҳамкорлик қилишни жиноят деб билади. Мухолифатчилар ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳаракатларини республикада яшовчи қариндошларига нисбатан таъқиб сифатида баҳолашади.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Тожикистон ҳукуматини мухолифатчиларнинг қариндошларини таъқиб қилаётганликда бир неча бор танқид қилиб, уларни сиёсий рақибларга нисбатан босим воситаси сифатида фойдаланмасликни талаб қилган.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).