Марғилонда аския ва қизиқчилик санъати маркази ташкил этилади

Аския беллашуви. islamosfera.ru сайти фотосурати

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида Юсуфжон Қизик Шакаржонов номидаги Республика аския ва қизиқчилик санъати маркази ташкил этилади. Унда халқ оғзаки ижоди анъаналарини ривожлантириш, сўзлашув жанри усталарини етиштириш кўзда тутилган. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони 13 июль куни «Народное слово» («Халқ сўзи») газетасида эълон қилинди.

Ҳужжатда марказнинг «устоз-шогирд» анъаналарини ривожлантириш, иқтидорли ёшларни тарбиялаш ва уларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, миллий фольклор бўйича илмий изланишлар олиб бориш, маданий-маърифий муассасаларда аския бадиий ва юмор тўгараклари, саёҳатлар ва танловлар ташкил этиш каби асосий вазифалари белгилаб берилган.

Бундан ташқари, Марғилон таълим муассаси вазифалари қаторига аския ва юмор санъатининг «пайров», «кофия», «баҳри-байт», «афсона», «радиф», «айтишув, «рабия» каби ноёб турларини асраб-авайлаш ва оммалаштириш, шунингдек истеъдодли сўз ва махсус адабиёт усталари ижоди учун фонд яратиш киради.

Ҳажвчиларни тайёрлаш марказини таъмирлаш учун жорий йилда Фарғона вилояти бюджетидан 2,3 миллиард сўм (200 минг доллардан ортиқ) маблағ йўналтирилади. Ҳомийлик «Ўзбектелеком» акциядорлик компанияси ташаббуси билан ташкил этилган «Дўстлар клуби» томонидан амалга оширилиб, жорий йилда таълим муассасасига 5 миллиард сўм (436 000 АҚШ доллари) хайрия маблағи юборилади.

Президент қарорида 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк коллежи ҳамда Фарғона ихтисослаштирилган санъат мактабида «аския ва қизиқчилик санъати» йўналиши очилишини ташкил тўғрисида ҳам сўз юритилган. Шу муносабат билан мутасаддиларга ўқув дастурини тайёрлаш ва ўқитувчилар таркибини тўлдириш бўйича топшириқлар берилган.

Аския ва юмор санъати мактабларини ташкил этган ижодкорларга давлат томонидан маошларига қўшимча — бешта энг кам иш ҳақи (5 миллион сўм ёки 427 долларга яқин) миқдорида устама тўланади.

Маданият вазирлигига аскиячилар ва ҳажвчилар иштирокида спектаклларни мунтазам ташкил этиш топширилди. Давлат ташкилот ва корхоналари эса бюджетдан ташқари маблағлар ва касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан ўз ходимларига ушбу концертларга чипталар тарқатади.

Ҳужжат қуйидаги йўналишлар бўйича йиллик давлат буюртмасини шакллантиришни назарда тутади:

😂 ҳар йили камида 3 та илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмасини танловлар асосида шакллантириш;

😂 ҳар йили камида 5 та саҳнада намойиш этишга мўлжалланган ҳажвий асар учун давлат буюртмасини бериш;

😂 ижодий танлов асосида эркин ижодкор ва жамоалар томонидан ҳар йили камида 10 та концерт-томоша тадбири ва аския кечаларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш;

😂 ҳар йили камида 25 та юксак бадиий савиядаги Интернет ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган аудиовизуал асарлар яратиш учун давлат буюртмасини бериш.

Таъкидланишича, Маданият ва туризм вазирлиги ҳайъати қарори билан

энг кенг оммалашган 5 та аудиовизуал асар ижодкорлари базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида – 16,5 миллион сўм (1438 доллар) бир марталик пул мукофоти билан тақдирланади.

Шунингдек, масъул бошқармаларга ҳар йили Ўзбекистонда «Яхши кайфият» Республика кўрик-танлови ҳамда устоз-аскиячи ва ҳажвчилар кечаларини, ҳар икки йилда бир марта «Табассум» халқаро кулгу фестивалини ўтказиш топширилди

ℹ️ Аския — ўзбек халқ оғзаки ижодининг бир тури бўлиб, у берилган мавзу бўйича сўз ўйини беллашувини англатади. 2014 йили ушбу санъат тури ЮНEСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ