Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев «Ноқонуний йўл билан олиб чиқилган активларни давлатга қайтариш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжатга кўра, республика Бош прокуратураси тузилмасида ташкил этилган алоҳида бошқарма ушбу соҳадаги ваколатли органга айланади, деб ёзади Zakon.kz.
Бундан ташқари, мамлакатда Қозоғистонга қайтарилган активларни бошқарадиган махсус давлат жамғармаси ва компания ташкил этилади. Мутасаддиларнинг фикрича, бу маблағларни халқ фаровонлигини оширишга қаратилган ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтириш, шунингдек, жараённинг шаффофлиги ва самарадорлигини таъминлаш имконини беради.
«Қайтариш механизмлари маъмурий ва ҳокимият ресурсларига (алоқа, таъсирга) эга бўлган шахслар билан бирга ўсиб чиққан йирик коррупция субъектларига ва олигополистик гуруҳларга нисбатан қўлланилади», — дейилади қонун матнида.
Ҳужжат квазидавлат секторидаги ҳокимият ва компаниялар билан боғлиқ бўлган собиқ ва амалдаги мансабдор шахсларга, шунингдек, уларнинг атрофидаги шахсларга нисбатан қўлланилади.
Бунинг учун гумонланувчиларнинг умумий қиймати 13 миллион ОҲК (ойлик ҳисоб кўрсаткичи) дан ортиқ – 44,85 миллиард тенге ёки тахминан 100 миллион долларга тенг бўлган активлари бўлиши керак.
Қонун нормаларига кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги ваколатли орган хорижда олиб чиқилган пул маблағлари устидан назоратни амалга оширади ва уларнинг қонунийлигига шубҳа туғилса, гумон қилинаётган давлат хизматчилари активларини қайта тиклаш реестрига киритилади. Агар ушбу мансабдор шахслар пул маблағларини олишнинг қонунийлигини тасдиқлай олмасалар, улар «келиб чиқиши тушунарсиз бўлган активлар» деб эътироф этилади.
Уларнинг кейинги тақдири махсус комиссия томонидан ҳал қилинади. Шу билан бирга, ваколатли орган «шубҳали шахслар»га нисбатан дастлабки чоралар кўриш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Қайд этилишича, активларни Қозоғистонга қайтариш тегишли суд қарори асосида ҳам ихтиёрий, ҳам мажбурий бўлиши мумкин.