Суд 2022 йил январида Қозоғистонни қамраб олган тартибсизликлар чоғида Олмаота халқаро аэропортининг босиб олиниши бўйича ҳукм чиқарди. Журналист Айгерим Тлеужан тўрт йилга, фаоллар Калас Нурпеисов, Нурлан Далибоев, Ермухамет Шилибаев ва Жан-Айдар Карменов саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб хабар беради «Информбюро».
Таъкидланишича, қозоғистонликлар оммавий тартибсизликлар уюштирганликда, аэропорт биносини эгаллаб олганликда ва унинг фаолиятини тўхтатганликда айбланган, шу сабабли КХШТ қўшинлари республикага этиб кела олмаган.
Тергов маълумотларига кўра, Тлеужан ва Нурпеисов аэропортда оломонни тартибсизликларга чақирган, бошқа айбланувчилар эса бинога ҳужум қилиб, машиналарни ўғирлаган. Прокурор журналист аёлни беш йил, жараённинг қолган иштирокчиларига эса ўн бир йил қамоқ жазосини тайинлашни сўраган. Қайд этилишича, судланувчилар ўз айбларига иқрор бўлмаган.
Натижада, Олмаота шаҳар жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган туманлараро суди Тлеужанни оммавий тартибсизликлар уюштирганликда, бошқа айбланувчиларни эса аэропортни эгаллаб олишда айбдор деб топган.
Иш бўйича барча айбланувчилар жазони ўрта даражадаги хавфсизлик муассасасида ўташади.
Ҳукм эълон қилингач, айбланувчиларни қўллаб-қувватловчи гуруҳ «Уят!» деб ҳайқирган ва маҳбусларни озод қилишни талаб қилган. Қўриқчилар мажлис залига йиғилганларнинг ҳаммасини коридорга олиб чиқишган.
ℹ️ 2022 йил январь ойининг биринчи кунларида Ғарбий Қозоғистондаги нефть қазиб олувчи Манғистау вилоятининг Жанаўзен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархи икки баравар оширилганига қарши кўчаларга чиқишди. Кейинчалик намойишлар бошқа шаҳарларга тарқалиб, сиёсий тус олди. Намойишчилар билан хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар юз берган.
Энг йирик тартибсизликлар Олмаота шаҳрида бўлиб ўтди, у ерда 5 январь куни намойишчилар аэропортни эгаллашга муваффақ бўлишган. Расмийлар аэропорт ходимлари ва йўловчиларни эвакуация қилган. Аэропорт ёпилган, унинг иши 13 январь куни тикланган.