Қозоғистонлик блогерлар реклама учун солиқ тўлайдилар, сохта маълумотлар учун жарима тортиладилар

new-retail.ru сайти фотосурати

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев пуллик контент жойлаштирган блогерлар ва интернет-ресурс эгалари фаолиятини тартибга солувчи «Онлайн платформалар ва онлайн реклама тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжатни давлат раҳбари 10 июль куни имзолади, дея хабар беради Оқорда.

Қонунда асосий тушунчаларнинг таърифлари мавжуд. Жумладан таъкидланишича, инфлюенсер (блогер) — тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида номаълум доирадаги одамларга йўналтирилган маълумотларни онлайн платформада эълон қиладиган онлайн платформа фойдаланувчисидир.

Ҳужжатга кўра, ёлғон маълумотлар — бу ҳақиқатга мос келмайдиган ёки фактларни сезиларли даражада бузиб кўрсатадиган, ҳар қандай шаклда қайд этилган шахслар, объектлар, ҳодисалар ва жараёнлар тўғрисида нотўғри тасаввур ҳосил қилувчи маълумотлардир.

Блогерлардан пуллик контентни бошқа нашрлардан ажратиб кўрсатиш учун реклама ёрлиғини қўйиш ва тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ бундай постлар учун солиқ тўлаши талаб қилинади.

Янги қонун онлайн платформалар эгалари учун кенг кўламли мажбуриятларни белгилайди. Масалан, ушбу рўйхат қуйидагиларни ўз ичига олади:

✅ Қозоғистон Республикаси ҳудудида ноқонуний контентнинг тарқалишига қарши чоралар кўриш;

✅ ваколатли органнинг сўровини олинган кундан бошлаб йигирма тўрт соат ичида кўриб чиқиш;

✅ шахс ва фуқаронинг ҳаёти ёки хавфсизлигига таҳдид соладиган ноқонуний контент аниқланганда дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор қилиш;

✅ онлайн-платформа фаолиятининг сўнгги олти ойидаги Қозоғистон ҳудудидаги фойдаланувчиларнинг ўртача ойлик сони тўғрисидаги маълумотни умумий фойдаланиш доменида жойлаштириш;

✅ вояга этмаганлар хавфсизлигини таъминловчи чораларни кўриш.

Интернет-ресурс эгалари онлайн платформалар фаолиятини назорат қилувчи давлат органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиши керак. Кунига ўртача 100 мингдан ортиқ қозоғистонлик фойдаланувчи ташриф буюрадиган сайтлар эса мамлакатда ўз вакилини тайинлаши шарт.

Онлайн платформалар эгалари ҳам ўз ресурсларига давлат тилини интеграциялашлари, яъни исталган контентни қозоқ тилига автоматик тарзда таржима қилиш имкониятини яратишлари зарур.

Эслатиб ўтамиз, «Онлайн платформалар ва онлайн реклама тўғрисида»ги қонун ОАВ томонидан 10 июль куни эълон қилинган, бироқ у шу кундан 60 кун ўтгач кучга киради.

Ушбу қонундан ташқари, Тўқаев амалдаги қонунчиликка киритилган бир қатор тузатишларни имзолади. Шундай қилиб, Қозоғистонда ёлғон маълумотларни жойлаш ва тарқатиш учун маъмурий жарималар жорий этилади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги моддасига кўра, инфлюенсер (блогерлар) сохта маълумотлар учун 40 ойлик ҳисоб кўрсатгичи (ОҲК) — 138 минг тенге (312 доллар), ўрта бизнес учун — 80 ОҲК ёки 276 минг тенге (625 доллар), йирик компаниялар — 100 ОҲК ёки 345 минг тенге (782 доллар) тўлайдилар .

Бундан ташқари, онлайн платформаларга ёлғон маълумотларни жалб қилаётган шахслар учун ҳам жарима солиниши назарда тутилган.

Қозоғистонда била туриб ёлғон маълумотларни тарқатганлик учун жиноий модда мавжуд бўлиб, унга кўра, биринчи марта қонун бузилиши учун камида 1000 ОҲК – 3,45 миллион тенге (7 820 АҚШ доллари) жарима ва кўпи билан бир йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Бироқ, Республика Бош прокуратурасида таъкидланганидек, маъмурий жавобгарликнинг жорий этилиши «ўта оғир жиноятларнинг олдини олиш» вазифасини ўтайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ