ОТБ Ўзбекистоннинг етти вилоятида электр узатиш тармоқларини модернизация қилиш учун 125 миллион доллар кредит ажратади

uzdaily.uz сайти фотосурати

Осиё тараққиёт банки (ОТБ) 125 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади, бу кредит орқали Ўзбекистон ҳукумати республиканинг етти вилоятида электр узатиш тармоқларини модернизация қилади, деб хабар беради халқаро молия ташкилоти матбуот хизмати.

Маблағлар «Декарбонизацияни рақамлаштириш – электр узатиш тармоқларини яхшилаш лойиҳаси» дастури доирасида сарфланади, бу эса мамлакатнинг қуйидаги ҳудудларида умумий узунлиги қарийб 359 километр бўлган 12 та электр узатиш линияларини реконструкция қилишни назарда тутади:

👉 Бухоро;

👉 Фарғона;

👉 Қашқадарё;

👉 Самарқанд;

👉 Сурхондарё;

👉 Навоий;

👉 Тошкент.

Бундан ташқари, ОТБ кредити ҳисобидан жорий ва прогноз қилинаётган энергияга бўлган эҳтиёжни қондириш учун объектлар қувватини ошириш мақсадида «Файзобод», «Оби-хаёт», «Зафар» ва «Зарафшон»даги тўртта 220 киловольтли подстанцияларни модернизация қилиш молиялаштирилади.

«Лойиҳа Ўзбекистоннинг ишончли ва арзон электр энергиясига ортиб бораётган талабини қондиришга ёрдам беради, шу билан бирга мамлакатнинг яшил ва паст углеродли иқтисодиётга ўтишини қўллаб-қувватлайди», — дейди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.

Ташкилот матбуот хизматининг қўшимча қилишича, лойиҳа доирасида эски технологияларни Назорат қилиш ва маълумотлар йиғиш (SCADA) тизимига улашга тайёр бўлган замонавий юқори вольтли линиялар ва подстанцияларга алмаштириш орқали электр узатиш тармоғи ҳам рақамлаштирилади. Бу «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ходимларига объектларни масофадан туриб бошқариш, реал вақт режимида маълумотларни олиш ва уларни архивлаш имконини беради.

«Қайта тикланадиган энергияни узлуксиз таъминлашни самарали бошқаришга қодир бўлмаган қўлда бошқариш тизимидан воз кечиш энергия алмашинуви ва қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун жуда муҳимдир», — деб тушунтиради ОТБ Энергетика бўйича мутахассиси Нана Гургенидзе.

ℹ️ Осиё тараққиёт банки 1966 йили ташкил этилган бўлиб, унга 68 давлат аъзо. Ўзбекистон ташкилотга 1995 йили аъзо бўлган. Ўшандан бери банк мамлакатга умумий қиймати 10,8 миллиард доллар миқдорида кредитлар, грантлар ва техник ёрдамлар ажратди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ