Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Наманган вилоятида сел оқибатида икки аёл ҳалок бўлганини тасдиқлади

Сел оқибатлари. Наманган вилояти ФВБ матбуот хизмати фотосурати

Наманган вилоятида қутқарувчилар сел оқимидан сўнг Резаксой дарёси тубини тозаларкан, икки нафар маҳаллий аҳолининг жасадини топди, деб хабар беради вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси 8 июль куни ижтимоий тармоқларда Қамчиқ довонида 27 ёшли икки аёл ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирган. Ўша куни кечқурун қутқарувчилар бу маълумотни тасдиқлашган.

Аниқланишича, 7 июль куни кечқурун А-373 «Гулистон-Ўш» автомобиль йўлининг 245-километрида икки аёл ўтлаётган сигирларни соғиш учун тоққа чиқишган. Бу вақтда уларни кучли сел оқизиб кетган. Аёллар диаметри 1,2 метр бўлган сел қувурига яширинишган.

Бироқ, тоғлардан тушган ҳажми 50 куб метргача бўлган сел оқими аёлларни дарёга ювиб туширган ва 400 метр узоқликка олиб кетган.

Уларнинг жасадлари дарё ўзанини тозалаш вақтида топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан терговга қадар текширув ишлари бошланди.

ℹ️ Маълумки, сел оқимлари — тоғ дарёлари ҳавзаларида ёмғир ёғиши ёки қор эриши натижасида юзага келадиган сув, тош ва лой аралашмасининг ҳалокатли оқимидир.

Марказий Осиё мамлакатларида мазкур табиий офат кўпинча инсонлар ҳаётига зомин бўлади. Жумладан, 2021 йил май ойида Андижон вилоятида икки нафар боланинг ўлими ҳақида хабар берилган эди. Қутқарувчиларнинг сўзларига кўра, ўғил ва қиз болани кучли ёмғир сабаб пайдо бўлган сел оқишзиб кетган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ