Тошкентда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг янги филиали очилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон маданий мероси» лойиҳаси матбуот хизмати хабар берди.
Очилиш маросими 5 июль куни бўлиб ўтди. Бутунжаҳон жамияти раҳбари Фирдавс Абдухолиқов, Mueller & Schindler нашриёти вице-президенти Александр Вильгелм, Конрад Аденауер номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатли вакили Томас Кунце ва Япониянинг Миҳо музейи илмий ходими Сергей Лаптев табрик сўзи билан чиқди.
Маросимда Бутунжаҳон жамияти лойиҳалари бўйича видеороликлар намойиш этилди, филиал бўйлаб саёҳат уюштирилди. Ташрифчилар «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида», «Ўзбекистон меъморий эпиграфияси» туркумидаги альбом китоблари, ноёб совға нашрлари, дунё музейларида сақланаётган энг нодир қўлёзмаларнинг факсимиллари билан таништирилди.
Шунингдек, «Эдуард Ртвеладзе хотиралари» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ташкилот матбуот хизмати хабарига кўра, янги филиалда «ўзбек маданиятини жаҳон миқёсида тарғиб этишни давом эттириш мақсадида» турли форматдаги тадбирлар: давра суҳбатлари, конференциялар ва фильмлар намойиши ўтказиш режалаштирилган.
Янги филиал Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси 53-уйда жойлашган.
ℹ️ Бутунжаҳон жамияти 2016 йили Ўзбекистон ҳукумати кўмаги ва Eriell Group нефть конлари сервис компанияси ҳомийлигида ташкил этилган. Жамият томонидан бугунга қадар «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» эксклюзив халқаро туркумининг 60 жилди, «Ўзбекистон меъморий эпиграфияси», «Ўзбекистон маданияти ва фани олимлар асарларида» туркумларининг бир қатор жилдлари нашр этилди, 60 дан ортиқ фильмлар суратга олинди, мамлакат ичида ва хорижда кўплаб медиа-форумлар ўтказилди. Ҳозиргача лойиҳа 40 мамлакатдан 400 нафар олимни бирлаштирган.