Ўзбекистонда биринчи гидро тўплаш электр станциялари Хитой компанияси томонидан қурилади

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

«Ўзбекгидроэнерго» ва China Southern Power Grid International (HK) Co., Ltd. учта гидро тўплаш электр станцияларини (ГТЭС) қуриш бўйича ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Томонлар қуввати 820 МВт бўлган 3 та лойиҳа: «Юқори Пскем» ГТEС (қуввати 200 МВт), «Қаратерен» ГТЭС (500 МВт) ҳамда «Юқори Пскем» ГЭС (120 МВт) гидроиншоотларини қуриш режасини амалга ошириш ниятида.

Компаниялар қўшма ишчи гуруҳ тузади ва у халқаро экспертлар ёрдамида лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқади.

2030 йилгача барча гидро тўплаш электр станциясини тўлиқ қувват билан ишга тушириш режалаштирилган.

Улардан йилига ўртача 3 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, бу эса 835 миллион куб метрдан ортиқ табиий газни тежаш ва атмосферага чиқаётган зарарли чиқиндилар миқдорини сезиларли даражада камайтириш имконини беради.

«Лойиҳалар тўлиқ қувватда ишга туширилгач, 1 млн 600 мингдан ортиқ аҳоли узлуксиз электр энергияси билан таъминланади», — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида.

Аввалроқ Хитойнинг бошқа компаниялари Ўзбекистонда электр станцияларини қуришга қизиқиш билдирган эди. Хусусан, Хитойнинг CGGC компанияси Сирдарё вилоятида қуввати 1500 МВт бўлган иссиқлик электр станциясини қурмоқда. CEEC ENERGY CHINA Ўзбекистоннинг учта вилоятида – Қашқадарё, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 2000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари қурилишига 2 миллиард доллар сармоя киритади. Хитой компаниялари консорциуми Тошкент ва Жиззах вилоятларида умумий қуввати 2000 МВт бўлган иккита қуёш электр станциясига 2 миллиард доллар сармоя киритади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ