Юзга яқин одам заҳарланган Қозоғистондаги кафеда стафилококк ва сальмонелла борлиги аниқланган

6tv.ru сайти фотосурати

Июнь ойи охирида юзга яқин одам заҳарланган Кентаудаги (Қозоғистон) «Ризик Рауани» кафеси ходимларида стафилококк ва сальмонеллалар борлиги аниқланган. Бу ҳақда Туркистон вилояти санитария-эпидемиология назорати департаменти (СЭД) маълум қилди, деб ёзади Otyrar.kz.

«Кафеда олинган маҳсулотлар орасида микробиологик намуналарга кўра товуқ маҳсулотларида сальмонеллёз аниқланган. Бундан ташқари, ушбу овқатланиш жойида хизмат кўрсатувчи 6 нафар ходимдан ошпаз, ошпаз ёрдамчиси, официант, техник ходимлар, кассир, етказиб бериш хизмати ходимидан — стафилококк аниқланган, икки нафар ходим, хусусан, салат тайёрловчи ходим ва ошхона ходимида сальмонеллалар аниқланди», — дейди СЭД раҳбари Нурбек Нишанов.

Аввалроқ департамент «Ризик Рауана» кафесида овқатдан оммавий равишда заҳарланиш ҳолатлари ҳақида маълумотлар 27 июндан бошлаб кела бошлаганини маълум қилганди. 92 киши кафега бориб, аҳволи ёмонлашганидан шикоят қилган. Шу жумладан 40 нафари 14 ёшгача бўлган болалар, қолган 52 нафари катталар, жумладан, уч нафар ҳомиладор аёллар бўлган. Жабрланганлар «Ризик Рауана»да товуқ, пица ва суши ейишган.

«Охирги бемор 30 июнь куни рўйхатга олинган. Кентау марказий шаҳар шифохонасига ётқизилган 67 нафар бемор тўлиқ тузалиб кетди. Туркистон марказий шаҳар шифохонасининг 8 нафар беморидан 6 нафари уйига жўнатилди, 2 нафар бемор даволанишни давом эттирмоқда», — дейди Нишанов.

СЭД ходимлари кафени текширишда давом этмоқда. Оммавий заҳарланиш факти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, Коррупцияга қарши кураш агентлиги ва Туркистон вилояти иқтисодий тергов бошқармаси томонидан тергов қилинмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан процессуал прокурор тайинланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 304-моддаси («Санитария қоидалари ёки гигиена меъёрларини бузиш») билан жиноят иши қўзғатилган.

СЭД хабар беришича, бу «Ризик Рауана» кафесида учинчи бор оммавий заҳарланиш ҳолатидир.

Биринчиси 2022 йилнинг августида содир бўлган. Кейин кафеда саккиз киши заҳарланган. Эгаси 230 минимал ойлик миқдорида (ўша пайтда 793,5 минг тенге ёки 1,8 минг доллар) жарима тўлаш билан қутулиб қолган. Орадан икки ой ўтиб, октябрь ойида худди шу кафеда 168 киши заҳарланган эди. Полиция 304-модда бўйича тергов очган, бироқ томонлар ярашгани туфайли иш ёпилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ