«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ футболчиси Қозоғистоннинг «Тобол» клуби директори лавозимига кўрилмоқда

Андрей Канчельскис. metaratings.ru сайти фотосурати

«Манчестер Юнайтед» ва Россия терма жамоасининг собиқ футболчиси, Наманганнинг «Навбаҳор» клуби собиқ устози Андрей Канчельскис Қўстанайнинг «Тобол» клуби директори лавозимини эгаллаши мумкин. Бу ҳақда инсайдер Иван Карпов хабар берди.

Карповнинг сўзларига кўра, Канчельскис бу лавозимда Николай Паниннинг ўрнини эгаллайди, унинг кетиши ҳақида Қозоғистон матбуоти шу йилнинг июнь ойида ёзган эди.

Канчельскисни тайинлаш тўғрисидаги қарор 5 июль куни Қўстанай вилояти ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда қабул қилинди. Расман Канчельскиснинг тайинланиши Қўстанай вилояти ҳокими Кумар Аксакалов таътилдан қайтганидан сўнг эълон қилинади.

Инсайдернинг таъкидлашича, «Тобол»ни Қозоғистоннинг 7 карра чемпиони «Остона» даражасига кўтаришни режалаштирган Канчельскис ортида баъзи инвесторлар турибди».

Шу билан бирга, Андрей Канчельскиснинг ўзи ҳам бу маълумотни тасдиқламаяпти, аммо рад этмаяпти:

«Мен «Тобол»нинг янги директори эканманми? Хоҳлаганларини ёзишсин. Ҳозирча аниқ маълумотлар йўқ. Аниқроқ нарса пайдо бўлганда, биз гаплашамиз. «Тобол»дан ташқари яна бир қанча клублар билан музокаралар олиб бормоқдаман – булар Қозоғистон ва Россиянинг жамоалари эмас. Мен паровоз олдинда югуришни хоҳламайман, кутамиз», — деди Канчельскис «Чемпионат» мухбири билан суҳбатда.

Андрей Канчельскис профессионал фаолиятини Украина клубларида бошлаган. «Звезда», «Динамо» (Киев) ва «Шахтёр» (Донецк) клубларида ўйнаган. 1991 йили Буюк Британияга жўнаб кетган. У Англиянинг «Манчестер Юнайтед», «Эвертон», «Манчестер Сити» ва «Саутгемптон» клубларида тўп сурган. У 1997 йили Англияни тарк этади ва 1998 йили Шотландиянинг «Рейнжерс» клуби билан шартнома имзолайди ва у ерда тўрт йил ўтказади. Турли вақтларда Италиянинг «Фиорентина»си, Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клуби, Россиянинг «Сатурн», Россия терма жамоасида ўйнаган.

Канчельскис мураббий сифатида Россиянинг «Торпедо-Зил» (Москва), «Уфа», «Волга» (Нижний Новгород) ва «Солярис» (Москва) жамоаларида ишлаган. 2018 йил октабрь ойида россиялик Наманганнинг «Навбаҳор» клубини бошқарган ва у билан Ўзбекистон Суперлигасида бронза медалларини қўлга киритганди. 2019 йил июнь ойида у жамоанинг қониқарсиз натижалари туфайли ишдан бўшатилган, бироқ орадан икки ой ўтиб Наманганга қайтиб, уч йиллик шартнома имзолайди. Орадан бир йил ўтиб, 2020 йил октабрь ойида Канчельскис маоши бўйича қарздорлик туфайли клубни тарк этади. Ўз навбатида, Интернетнинг ўзбек сегментида Канчельскис ичкиликбозликда айбланган. Шунга қарамай, мураббийга 1,6 миллион доллар жарима тўланган.

«Тобол» — Қозоғистоннинг икки карра чемпиони. Жамоа ўтган мавсумда лигада учинчи ўринни эгаллаганди. Бу мавсумда жамоа кучли учликдан 5 очко олдинда, 6-ўринда бормоқда. Шунингдек, «Тобол» УEФА конференция лигасида иштирок этади. Финляндиянинг «Хонка» жамоасига қарши ўйинлар 13 ва 20 июль кунлари бўлиб ўтади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ