Урганч шаҳрининг собиқ ҳокими уч йилга озодликдан маҳрум этилди

Шуҳрат Абдуллаев. xorazm.uz сайти фотосурати

Хоразм вилояти маъмурий маркази — Урганч шаҳрининг собиқ ҳокими Шуҳрат Абдуллаев уч йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар берди.

Ҳукм 4 июль куни Жиноят ишлари бўйича Хива вилоят суди томонидан чиқарилган.

Шуҳрат Абдуллаев Ўзбекистон Жиноят кодексининг 209-моддаси («мансаб сохтакорлиги») 2-қисми «а» банди ва 229-4-моддаси («ер бериш тартибини бузиш») 2-қисми «а», «б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Собиқ ҳоким икки йил муддатга давлат органлари ва давлат иштирокидаги ташкилотларда раҳбарлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Иш тафсилотлари ошкор этилмаган.

Шуҳрат Абдуллаев 1967 йили туғилган. 2018-2020 йиллари вилоят маркази ҳокими лавозимида ишлаган. Kun.uz таҳририятига уйлари ноқонуний бузиб ташланганидан шикоят қилган урганчликлар уни аҳоли муаммоларига бефарқ амалдор сифатида тавсифлашган.

«Шуҳрат Абдуллаев одамлар билан мулоқот қилиш маданиятини билмайди. Унга мурожаат учун келганларнинг кўпчилиги қабул қилинмаган, у уларнинг муаммолари билан қизиқмайди. Шунингдек, у кўчмас мулкни бузиш тартиби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилмайди. Юқори раҳбарият келгач, Ш.Абдуллаев ташриф буюрган мутасадди идораларга мурожаат қилмоқчи бўлган фуқароларни эслаб, уларга барча муаммолар ечимини ваъда қилади. Аммо расмийлар кетгач, «эски ҳаммом-эски тоз» лигича қолаверади», — деб ёзади мурожаат қилганлар.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ