Дубайда давлат маблағларини ўзлаштиришда гумон қилинган Қозоғистоннинг «Оператор РОП» МЧЖ асосчиси қўлга олинди

Шнар Муктарова. tengrinews.kz сайти фотосурати

Катта ҳажмдаги маблағларни ўзлаштирганликда гумон қилиниб, халқаро қидирувга берилган «Оператор РОП» МЧЖ собиқ асосчиси Шнар Муктарова Дубайда қўлга олинди. Бу ҳақда Қозоғистон коррупцияга қарши кураш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Агентликнинг қўшимча қилишича, қозоғистонлик аёл Интерпол кўмагида БАА ваколатли органлари томонидан ҳибсга олинган.

Ҳозирда Қозоғистон Бош прокуратураси Муктаровани ватанига экстрадиция қилиш жараёнини амалга оширмоқда.

3 июль куни Остонада «Оператор РОП» компанияси фаолияти билан боғлиқ суд жараёни якунланди. Республика Экология, геология ва табиий ресурслар вазирининг собиқ ўринбосари Ахметжан Примқулов, шунингдек МЧЖнинг собиқ раҳбарлари Светлана Коротенко ва Медет Кумаргалиев давлат хизмати ва тижорат ташкилотларида лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолда етти йил озодликдан маҳрум этилди. Корхонанинг собиқ молия директори Рустам Темирбек икки йилга озодликдан маҳрум этилган, аммо амнистия муносабати билан унинг жазо муддати икки баробарга қисқартирилди — бир йилга озодликдан маҳрум қилинди. Суд судланувчиларни ўзгаларнинг мулкини ўзлаштириш ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилишда айбдор деб топган.

Мазкур иш бўйича айбланувчиларнинг ҳибсга олингани ҳақида 2022 йил январида хабар берилган эди. Суднинг аниқлашича, РОПнинг уч нафар етакчиси, ўз навбатида, 2016 йилдан бошлаб, Экология вазири ўринбосари Примқулов билан ҳамкорликда, бир неча бор катта миқдорда бюджет маблағларини ўзлаштирган. Етказилган зарарнинг умумий миқдори 26,8 миллиард тенгени (2022 йил январ ойидаги курс бўйича тахминан 61,6 миллион доллар) ташкил этган.

Суд жараёнида маълум бўлишича, К. раҳбари ва МЧЖ таъсисчиси М. (Шнар Муктарова назарда тутилмоқда. – «Фарғона» изоҳи) тижорат ташкилотида бошқарув функцияларидан фойдаланиб, ўз ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда, дивидендлар олиш ниқоби остида 920 миллион тенге (2,1 миллион доллардан ортиқ) миқдоридаги бюджет маблағларини ўғирлаган.

ℹ️ «Оператор РОП» собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи Алия Назарбоева билан боғлиқ хусусий компания ҳисобланади. 2015 йил охирида Қозоғистон ҳукумати ўз қарори билан ушбу компанияга утилизация учун тўловларни йиғиш, чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва қайта ишлашни мувофиқлаштириш ҳуқуқини берган. 2022 йил 19 январда Вазирлар Маҳкамасининг бошқа қарори билан Чиқиндиларни йиғиш бўйича МЧЖ фаолиятини тугатилган ва унинг мол-мулки давлат ихтиёрига ўтказилган. Бу воқеа компания фаолияти республиканинг амалдаги раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев томонидан танқид қилинганидан кейин содир бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ