Тўрт туп дарахтни кесгани учун наманганлик фуқарога икки йилга озодликни чеклаш жазоси берилди

newshub.uz сайти фотосурати

Наманган туман суди маҳаллий фуқарони икки йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилди ва тўртта мевали дарахтни нобуд қилгани учун давлатга 327 миллион сўмга яқин (28 минг доллардан ортиқ) етказилган зарарни қоплаш мажбуриятини юклади. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Иш материалларига кўра, жорий йилнинг 2 март куни Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия ходимлари томонидан Нааманган вилояти Наманган туманидаги O’lmas маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида рейд ўтказилган. Текширув чоғида маҳаллий фуқаро ёши юз йилга яқин бўлган тўртта қимматбаҳо мевали дарахтни кесиб ташлагани аниқланган.

Мутахассислар хулосасига кўра, мазкур шахс ўсимлик дунёсига салкам 327 миллион сўм зарар етказган.

Вилоят прокуратураси томонидан наманганлик фуқарога нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми («Ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни қонунга хилоф равишда кесиш, катта зарар етказиш») билан иш қўзғатилган. Суд гумонланувчини айбдор деб топган ва унга нисбатан икки йил озодликни чеклаш жазосини тайинлаган ва шу билан бир қаторда табиатга етказилган зарарни Наманган вилояти Экология бошқармаси фойдасига ундирган.

2019 йил ноябрь ойидан Ўзбекистонда дарахт ва буталарни кесишга мораторий жорий қилинган, 2022 йил январидан эса ушбу қонунни бузганлик учун жазо кучайтирилган.

Шунга қарамай, мамлакатда ўсимликларни йўқ қилиш давом этмоқда. Масалан, жорий йилнинг июнь ойи ўрталарида Хоразм вилояти Қўшкўпир туман суди маҳаллий фермер хўжалиги раҳбарини 83 туп дарахтни ноқонуний кесиб ташлаганликда айбдор деб топиб, унга икки йил озодликни чеклаш жазосини бергани хабар қилинган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ