Қозоғистонда болалар туғилгандан сўнг уларга автоматик тарзда индивидуал идентификация рақами (ИИР) берилади, деб хабар беради Polisia.kz портали.
Илгари ота-оналар туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олиш учун ариза берганидан сўнггина болага ИИР тайинланарди.
Эндиликда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш тизими (ФҲДЁ) туғилганлик тўғрисидаги тиббий гувоҳномани олгандан сўнг, автоматик тарзда фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатилмаган тегишли далолатнома ёзувини тузади, унинг асосида ИИР шаклланади.
Бу тизимда бир қатор давлат хизматларини проактив форматда (хизмат кўрсатувчининг таклифига кўра), яъни ота-оналарнинг ҳеч қандай ҳокимият органларига шахсий мурожаатисиз хизмат кўрсатиш механизмини автоматик равишда ишга тушириш имконини беради. Хусусан, ушбу хизматларга қуйидагилар киради:
👉 бола туғилиши ва унга ғамхўрлик қилганлик учун нафақа олиш; ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан даромадидан маҳрум бўлган тақдирда ижтимоий нафақалар тайинлаш;
👉 бола 1,5 ёшга тўлганида унга ғамхўрлик қилиш муносабати билан даромадидан маҳрум бўлган тақдирда ижтимоий тўлов.
Шу билан бирга, ФҲДЁ онага боланинг фамилияси, исми ва отасининг исми (агар отасининг исми мавжуд бўлса) ҳақида маълумот бериш учун СМС-хабар юборади. Ушбу хабарга уч иш куни ичида жавоб бериш керак. Боланинг тўлиқ исми олингандан сўнг, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома тузилади. Шундай қилиб, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани беришдан аввал тўлиқ исми кўрсатилмаган болага ИИР бериш механизмини жорий этиш нафақат болаларни давлат органларининг ахборот тизимларида тўлиқ рўйхатга олинишини, балки ҳозирги босқичда ота-оналарга янги туғилган чақалоқ билан боғлиқ давлат хизматларини кўрсатиш имконини беради.