Қозоқларни ҳақорат қилган қарағандалик аёлга нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Жиноят иши фигуранти бўлмиш қарағандалик аёл. kaztag.kz сайти фотосурати

Чат-рулетда қозоқ миллати вакилларини ҳақоратлаган қарағандалик фуқарога нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 174-моддаси («Ижтимоий, миллий, қабилавий, ирқий, синфий ёки диний адоватни қўзғатиш») бўйича жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизматига таяниб, КазТАГ хабар беради.

Қарағанда вилояти полиция бошқармасининг қўшимча қилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари видеони ўрганиб чиққандан сўнг, қозоқларга нисбатан нохуш гапларни айтишга йўл қўйган 45 ёшли Қарағандада яшовчи шахсни аниқлашган. Бу воқеа 24 июнь куни содир бўлган, айни пайтда қозоғистонлик аёлга нисбатан иш қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

КазТАГнинг аниқлик киритишича, Грузия фуқароси билан бўлган суҳбатда у қозоқ халқи вакилларини ҳақоратлаган. Суҳбат Украинадаги можарога бағишланган, аёл Россияни қўллаб-қувватлашини айтган ва ҳатто чет эллик билан Қозоғистонда Қримнинг Россия Федерациясига қўшилишига доир ўтказилган референдумга ўхшаш референдум ўтказиш кераклигини муҳокама қилган.

Қозоғистонлик интернет фойдаланувчилари кўпинча чатрулетда бундай мавзулардаги суҳбатларнинг «қаҳрамонига» айланишади. Кеча, 4 июль куни берилган хабарга кўра, Жезқазғон шаҳрида истиқомат қилувчи шахс номаълум аёл билан гаплаша туриб, республиканинг бутун ҳудудини Россияга ўтказиш зарурлиги ва Совет Иттифоқини тиклаш яхши бўлишини айтган.

Мазкур видео жамиятда резонансга сабаб бўлган, кўплаб қозоғистонликлар «сепаратчи»ни жавобгарликка тортишни талаб қилишган. Бироқ, Улитау вилояти полицияси жезқазғонлик фуқаро билан «суҳбат ўтказиш» билан чекланиб, бундай ҳолатлар Миллий хавфсизлик қўмитаси ва прокуратура ваколатига киради, деб тушунтирган. Кейинроқ, МХҚ терговга қадар текширув ўтказиш учун ушбу факт бўйича материаллар йиғилаётганини маълум қилган.

Июль ойи бошида Шимолий Қозоғистон вилоятининг Петропавловск шаҳар суди маҳаллий яшовчи Татяна С.ни чат-рулетда Қозоғистоннинг бир қисмини Россияга қўшиб юбориш кераклиги ҳақидаги ҳазиломуз гапи учун уни сепаратизмда айбдор деб топиб, уч йилга озодликдан маҳрум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ