Тошкентда Туркистон авангарди ва Темурийлар ренессансига доир кўргазмалар очилди

Кўргазма очилиш маросими. «Ўзбекистон маданий мероси» лойиҳаси матбуот хизмати фотосурати

3 июль куни Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги доирасида Тошкентдаги бир қанча музейларда кўргазмалар очилди. Бу ҳақда «Ўзбекистон маданий мероси» лойиҳаси матбуот хизмати хабар берди.

Темурийлар тарихи давлат музейида буюк саркарда Темур ва унинг авлодлари даври дурдоналарига бағишланган «Темурийлар ренессанси: давр буюклиги» кўргазмаси очилди. Очилиш маросими олдидан музей ходимлари ва шарқшунос олимлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилиб, унда темурийлар сулоласи ва туркий дунёнинг атоқли намояндаларининг тарихдаги ўрни ва мероси, жаҳон цивилизацияси, фан ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўз юритилди.

«Ўзбекистон маданияти жадал ривожланиб бораётганидан жуда хурсандман. Янги Ўзбекистоннинг ўзига хос жиҳати ҳам шунда, деб ўйлайман. Бу заминнинг маданий мероси нафақат шу мамлакат аҳолиси, балки бутун дунё халқлари учун катта аҳамиятга эга, чунки Ўзбекистон Осиё ва бутун Евроосиё қитъасининг энг марказида жойлашган. Ўзбекистон маданий меросида сақланаётган хазиналар бутун дунёга тегишли бойликлардир», – деди Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви аъзоси, Миҳо япон музейи махсус тадқиқотчиси Сергей Лаптев.

Давра суҳбати якунида Темурийлар тарихи музейига Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти номидан 50 жилдлик «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркуми китоб-альбомларни олганлиги учун сертификат топширилди.

Миллий рассомлик галереясида Нукус шаҳридаги Савицкий номидаги давлат санъат музейи коллекциясидаги авангард рассомлар ижодига бағишланган «Туркистон авангарди: макон ва замонлардан ўтиб» кўргазмаси очилди.

«Кўргазмага 14 муаллифнинг 80 дан ортиқ расмини олиб келдик. Улар орасида ушбу йўналишнинг этакчи усталари — Ўрол Тансиқбоев, Александр Вольков, Зинаида Ковалевская, Николай Карахан ва бошқа кўплаб рассомларнинг асарлари бор. Ўйлайманки, ушбу кўргазма Ўзбекистон маданий меросининг кенглиги ва ранг-баранглигини яна бир бор намоён этади», — деди Санъат музейи директори Тигран Мкртичев.

Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси директори Камола Оқилованинг айтишича, шу кунларда Тошкентда бўлиб ўтаётган кўргазмалар «бутун дунё ҳайратга солаётган Ўзбекистоннинг серқирра, ўзига хос ва бетакрор маданиятини намойиш этмоқда».

Очилиш маросимида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов ва бошқа расмий шахслар, жумладан, хорижлик меҳмонлар ҳам қутлов сўзлари билан иштирок этди.

«Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги барча туркийтилли ва ислом мамлакатлари учун муҳим воқеа, чунки Ўзбекистон мероси, унинг тарихи бизга яқин ва бутун инсоният учун муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистонга сўнгги ташрифимдан кейин тўрт йил давомида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар, жумладан маданиятимиз, ўтмишимизга эътибор кучайганини мамнуният билан айтишим мумкин. Ишончим комилки, Ўзбекистон бу билан тўхтаб қолмайди ва ўзининг улуғворлиги билан дунёни лол қолдиради», — деди Туркия Фанлар академияси президенти маслаҳатчиси Жем Коркут.

Тошкент музейининг янги филиалида «Ўзбекистон амалий санъати дурдоналари» кўргазмаси очилди. У музей этнографик фондининг асосини ташкил этувчи 19 аср охири – 20 асрнинг биринчи ярмидаги бадиий ҳунармандчиликка асосланган. Кўргазманинг очилишига бағишланган давра суҳбати доирасида санъат фанлари доктори Элмира Гул «Анъанавий санъат атамалари» бадиий энциклопедиясини тақдим этди. Учрашувда Dar al Athar al Islamiyyah (Қувайт) маданий ташкилоти бош директори Шайха Ҳусса Сабоҳ Ас-Салим Ас-Сабаҳ, Кембриж Форс тадқиқотлари марказининг тадқиқот директори Фирюза Мелвил, Mueller & Schindler нашриётининг вице-президенти Александр Вильгельм иштирок этди.

4 июль куни янги тадбирлар залида қўлёзмалардаги миниатюраларга бағишланган «Тарихий шахслар ва сюжетлар қўлёзма мероси дурдоналарида» номли ноёб кўргазма очилиши режалаштирилган бўлиб, улар орасида турли даврлардаги буюк миниатюрачилар, жумладан Беҳзод асарлари ўрин олган. Маълумки, унинг расмлари Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек ва Фирдавсий ижодини безатган. Янги экспозицияга бағишланган давра суҳбатида Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Содиқ Сафаев, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Консуэло Видал Брюс, Халқаро Туркий Академия президенти Шайн Мустафоев, Туркия Фанлар академияси президенти Музаффер Шекер иштирок этди.

«Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновациялар ва таълим» ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги билан бир қаторда 3 июлдан 7 июлгача Тошкентда Маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Тадбирлар Бутунжаҳон маданиятни ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти ҳомийлигида, шунингдек Euronews телеканали ахборот кумагида ташкил этилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ