Қирғизистоннинг Екатеринбургдаги Бош консуллиги ходимлари Меҳнат, ижтимоий ҳимоя ва миграция вазирлиги ходимлари билан биргаликда онаси сотмоқчи бўлган саккиз ёшли болани ўз ватанига қайтарди. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Матбуот хизмати бола қариндошларига топшириладими ёки болалар уйига, бунга аниқлик киритмаган.
Боланинг онаси қирғизистонлик Наргиза Айтматова 2022 йил августида ўз фарзандини 300 минг рублга (ўша пайтдаги курс бўйича тахминан 5 минг доллар) сотишга уриниш муваффақиятсиз якунланганидан кейин қўлга олинган. 2023 йил апрель ойида Екатеринбургнинг Верх-Исетский туман суди уни беш йилга озодликдан маҳрум қилди.
Вилоят прокуратураси таъкидлаганидек, суд мажлисида давлат айбловчиси 2022 йил 4 августдан 9 августгача айбланувчи мессенжер орқали ёзишмалар олиб боргани, молиявий қийинчиликлар туфайли ўз боласини сотишга қарор қилганига доир далиллар келтирган. Сотиб олмоқчи бўлган аёл одам савдоси ва қулликка қарши «Альтернатива» қўнгиллилар ҳаракатининг аъзоси бўлган.
Кўнгиллилар билан ёзишмаларида Айтматованинг биринчи турмушидан ўғли борлигини, иккинчи турмуш ўртоғи эса қарзини тўлаш учун уни сотишга қарши эмаслигини айтган.
Қирғизистонлик аёл 10 минг рубль аванс олган, кейин савдо марказида мижоз билан учрашиб, етти ёшли ўғлини, шунингдек, боланинг ҳужжатларини топширган. Аёл қолган пулни – 290 минг рублни олган, шундан сўнг у полиция ходимлари томонидан қўлга олинган.
Свердловск вилояти Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, оғир молиявий аҳвол туфайли болани сотиш версияси жиддий шубҳа туғдиради, зеро ҳибсга олинган аёлнинг эри ўртача 120 минг рубль миқдорида ойлик олган, оила икки хонали квартирада яшаган ва ўзлари учун алоҳида уй қураётган бўлган.