«Мисс Италия» конкурси ҳомийси Ўзбекистонда ички кийимларни ишлаб чиқаришни йўлга қўяди

lisimg.com сайти фотосурати

Италиянинг Cotonella ички кийим бренди Ўзбекистонда трикотаж фабрикасини очишга қарор қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати хабар берди.

ИССВда бўлиб ўтган йиғилишда Италия компанияси раҳбарияти Қашқадарё вилоятида Cotonella Uzbekistan корхонасини очиш режасини маълум қилди. Биринчи босқичда йилига 2 миллион донагача тайёр трикотаж маҳсулот ишлаб чиқариш, 80 нафаргача доимий иш ўрни яратиш режалаштирилган. Кейинчалик компания юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йилига 8 миллион донага етказиш учун 5 миллион доллар сармоя киритади. Бу 500 тагача янги доимий иш ўрни яратиш имконини беради.

Ўз навбатида, вазирлик ҳодимлари италияликларга Ўзбекистондаги сармоявий муҳит ва ишлашнинг афзалликлари ҳақида сўзлаб берди ва Cotonellaнинг ушбу мамлакатдаги муваффақиятли фаолиятига тўлиқ ҳисса қўшишга тайёр эканликларини билдирган.

ℹ️ Cotonella компанияси 1972 йили Эдоло шаҳрида (Италия, Ломбардия) ташкил этилган. У аёллар, эркаклар ва болалар трикотаж ички кийимларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ишлаб чиқаришда юқори сифатли пахта ишлатилади. У ҳар йили АҚШ ва бутун Европада сотиладиган 20 миллиондан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарадиган ўз соҳасидаги етакчи брендлардан бири ҳисобланади. Компаниянинг биринчи хорижий корхонаси 1996 йили Албанияда ташкил этилган. 1995 йилдан бери Cotonella «Мисс Италия» гўзаллик танловининг доимий (бошқа манбаларда — бош) ҳомийси ҳисобланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ