Ўзбекистондан 100 дан ортиқ талаба халқаро дастур бўйича Германияга келган, бироқ уларни ҳеч ким кутиб олмаган ва улар вокзалда тунашга мажбур бўлишган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги (ТММА) матбуот хизмати хабар берди.
27 июнь куни ижтимоий тармоқларда Мюнхендаги вокзалда қолиб кетган ўзбекистонлик талабалар акс этган сурат ва видеолар пайдо бўлди. Улар Германияга Work and Travel дастури доирасида расман етиб келишган, бироқ ишсиз ва уй-жойсиз кўчада қолишган.
Ижтимоий тармоқларда айрим талабалар 4 июндан бери Германия шаҳрининг вокзалида яшаётгани ҳақида ёзишмоқда.
ТММА маълум қилишича, май-июнь ойларида Turon World Cooperation хусусий ишга қабул қилиш агентлиги қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда Work and Travel дастури бўйича 102 нафар талабани Германияга жўнатган. Бироқ кейинчалик агентлик уларни ишга жойлаштиришда муаммоларга дуч келган.
«Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширувлар бошланди, содир бўлган воқеага ҳуқуқий баҳо берилади, кейинроқ қўшимча маълумот берамиз», — деб ваъда қилади ТММА.
Қўшимча қиламизки, 2022 йил 10 июнь куни Ўзбекистон Бандлик вазирлиги Turon World Cooperation лицензиясини бекор қилган. Бироқ агентликнинг Телеграм каналига қараганда, у ишлашда давом этган.
Германиядаги ўзбеклар билан боғлиқ вазиятга изоҳ берар экан, агентлик Work and travel дастури бўйича чартер рейс билан 79 нафар талабани ушбу мамлакатга жўнатгани, яна 23 нафари эса ўзлари учиб келганини маълум қилди. Аммо Германиядаги иқтисодий вазият ва иш ўринларининг сезиларли даражада қисқариши туфайли уларни иш билан таъминлашда муаммо юзага келган. Агентлик директори мезбон ташкилот билан биргаликда юзага келган муаммоларни ҳал этиш мақсадида Германияга шахсан ташриф буюрган.
«Натижада 71 нафар талаба иш билан таъминланиб, қолган 28 нафар фуқарони иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Уч киши авиачипта олиб, Ўзбекистонга қайтиб кетди», — дейилади агентлик хабарида.