Ўзбекистон терма жамоаси U-17 Осиё Кубоги ярим финалида Жанубий Корея терма жамоасига 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб, мусобақанинг бронза медалини қўлга киритди.
Ярим финал йўлида ўзбекистонлик футболчилар гуруҳ босқичида Япония (1:1) билан дуранг ўйнаган бўлса, Ҳиндистон (1:0) ва Вьетнам (1:0) термаларини ҳам мағлуб этди. Мусобақанинг чорак финалида ўзбекистонликлар Саудия Арабистони устидан 2:0 ҳисобида зафар қучди. Жамолиддин Раҳматуллаевнинг шогирдлари бундан кейин илгарилаб кетишолмади.
Учрашувдаги ягона гол 31-дақиқада киритилди. Вак Ин Ву тўғридан-тўғри жарима зарбасини аниқ амалга оширди. Ўзбекистонлик дарвозабон Муҳаммадюсуф Собиров жамоасини қутқара олмади. Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобни ўзгартиришга уриниб кўрди, аммо корейслар ҳимояда аниқ ҳаракат қилиб, ғалабага эришолдилар.
Яна бир ярим финалда Япония терма жамоаси Эрон терма жамоасини мағлуб этди. Шу тариқа, 2 июль куни бўлиб ўтадиган турнир финалида Япония ва Жанубий Корея терма жамоалари тўқнаш келишади. Учинчи ўрин учун кураш йўқ, шунинг учун ҳам ярим финалда мағлуб бўлган иккаласи ҳам бронза медали соҳиби ҳисобланади.
Ярим финалга чиққани эвазига Ўзбекистон терма жамоаси бронза медалларидан ташқари жорий йилнинг 10 ноябрь – 2 декабрь кунлари Индонезияда бўлиб ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати-2023 йўлланмасини қўлга киритди.
15 июндан 2 июлга қадар Таиландда U-17 Осиё кубоги бўлиб ўтади. Мусобақада 16 та жамоа иштирок этмоқда. Марказий Осиёдан Ўзбекистондан ташқари гуруҳ босқичидан ўта олмаган Тожикистон терма жамоаси ҳам 1 очко билан ўйинларни якунлади.