Гендер зўравонлигига барҳам бериш бўйича Марказий Осиё альянси Олмаотада иш бошлади

БМТ МАТБУОТ МАРКАЗИ ФОТОСУРАТИ

Қозоғистонда Гендер зўравонлигига барҳам бериш бўйича Марказий Осиё альянси ўз ишини бошлади. Бу ҳақда БМТ матбуот маркази хабар берди.

Альянс Марказий Осиё ва Афғонистон бўйича минтақавий дастур доирасида Европа Иттифоқи кўмагидаги БМТнинг Spotlight Initiative («Нур ёруғлиги») ташаббуси томонидан ташкил этилган. Бу Марказий Осиёдаги фуқаролик жамияти, давлат идоралари ва бошқа манфаатдор томонларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва тажриба алмашиши учун яратилган минтақавий ҳамкорлик платформасининг биринчи туридир.

Альянс гендер тенглигини тарғиб қилади, фуқаролик жамиятини мустаҳкамлайди ва минтақада гендер зўравонлиги муаммосини олдини олиш ва ҳал қилиш учун билим ва тажриба алмашиш учун платформа яратади. Альянснинг пировард мақсади гендерга асосланган зўравонликка нисбатан тоқатсизликни шакллантиришдан иборат бўлиб, бу Марказий Осиёнинг бешта давлатидаги тахминан 35 миллион аёл ва қизнинг ҳаётига фойда келтиради, дея қайд этади БМТ.

«Гендер зўравонлиги бутун дунё бўйлаб аёллар ва қизларнинг фаровонлиги ва ҳуқуқларига таҳдиддир. БМТ маълумотларига кўра, Марказий Осиёдаги ҳар учинчи аёл ва қиз ҳаётининг қайсидир даврида зўравонликка дучор бўлган», — дейилади матбуот маркази хабарида.

Альянс ишининг бошланиши муносабати билан 27 июнь куни Олмаота шаҳрида Европа Иттифоқи, БМТ, Марказий Осиё давлатлари, дипломатик корпус, фуқаролик жамияти ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва ёшлар бирлашмаларининг 70 дан ортиқ вакиллари йиғилди.

«Фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали биз гендер зўравонлигига қарши самарали кураша оламиз, шунинг учун Альянс барча иштирокчилар ҳамкорлигига асосланади. Альянс Марказий Осиёда гендер зўравонлигига қарши курашдан манфаатдор барча учун очиқ. Булар, биринчи навбатда, фуқаролик жамияти, давлат органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ёшлар ҳаракати, фаоллар, бизнес, оммавий ахборот воситалари ва ғоя етакчилари, академик доиралар, олимлар ва тадқиқотчилардир», — дейди БМТ Аёллар ташкилотининг Қозоғистондаги вакили Мария Доценко.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ