Қозоғистон бош вазири ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири Серик Жумангарин ўз мамлакатидан Россияга икки мақсадли товарлар етказиб берилаётганини тасдиқлади. Бу ҳақда «Азаттиқ» (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган Озодлик радиосининг қозоқ хизмати) хабар берди.
Жумангариннинг сўзларига кўра, Россияга қарши санкциялар жорий этилганидан сўнг Ғарб давлатлари Қозоғистонга санкцияга киритилган 7 минг турдаги товарлар рўйхатини топширган.
«Бошқача айтганда, бу бизнинг бутун савдо айланмамиз. Биз [Ғарб давлатлари вакиллари билан] суҳбатда «Буларнинг барчасини тўсиб бўлмайди ёки кузатиб бўлмайди», деганмиз», — дея таъкидлайди Жумангарин «Азаттиқ»га.
Ўтган баҳорда АҚШ Молия вазири ёрдамчиси ва Европа Иттифоқининг махсус вакили билан ўтказилган музокаралардан сўнг рўйхат 104 турдаги товарлар ёки 38 та товар номенклатураси кодларига қисқартирилган.
Қозоғистон ҳукумати микросхемалар каби нарсаларни ташувчи компаниялар устидан назоратни кучайтирган: улар учун махсус электрон ҳисоб-фактуралар ҳамда формат ва логистика назоратини жорий этилган. Жумангариннинг сўзларига кўра, юздан ортиқ қозоқ ширкати кузатув остида.
Эслатиб ўтамиз, авваллари Қозоғистон расмийлари Россияга икки мақсадли товарлар реэкспорт қилинаётганлигига оид фактни рад этишганди. Жумладан, 20 июнь куни республика раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаев ушбу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтганди.
«Биз, биринчи навбатда, ЖСТ қоидаларига қатъий содиқмиз, шунингдек халқаро бозорда қабул қилинган барча қоидаларга амал қиламиз. Россияга икки мақсадли товарлар экспорти ҳақида гапирадиган бўлсак, бу мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди», — деганди Токаев Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан қўшма матбуот анжуманида.
Шу билан бирга, Тўқаев Қозоғистон Россия билан савдо алоқаларини давом эттираётганини, ўтган йили ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 28 миллиард долларни ташкил этганини таъкидлаб, «бу амалдаги халқаро стандартларга тўлиқ мос келади», — деганди президент.
Аввалроқ ОАВда МДҲ орқали Россияга АҚШ, Япония, Европада ишлаб чиқарилган кўплаб маҳсулотлар, смартфонлардан тортиб, автомобилларгача олиб кирилаётгани ҳақида ёзилган эди. Масалан, Қозоғистондан РФга ўтган йилга нисбатан қарийб 2 миллиард долларга кўп маҳсулот жўнатилган. Шу билан бирга, 2022 йилнинг 8 ойида смартфонлар етказиб бериш 88 баробарга, мониторлар 300 баробарга ошган. Агар 2021 йили Қозоғистон Россияга илғор ярим ўтказгичларни 12 минг долларга экспорт қилган бўлса, 2022 йили бу кўрсаткич 3,7 миллион долларга кўтарилган.
ℹ️ Икки мақсадли товарлар — бу одамлар учун саноат мақсадларида фойдаланиладиган, лекин айни пайтда қурол яратиш учун ишлатилиши мумкин бўлган хусусиятларга эга товарлардир. Буларга хомашё, материаллар, асбоб-ускуналар, шунингдек технологиялар ва илмий-техник маълумотларнинг айрим турлари киради.