Хитойнинг Xindeyuan Bioengineering компанияси Самарқандда қон препаратларини ишлаб чиқаришни йўлга қўяди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Вазирликнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда «мураккаб ва ноёб жарроҳлик операциялари, жумладан юрак ва инсон аъзолари трансплантацияси бўйича операциялар йўлга қўйилгани, шунингдек хавфли касалликлар диагностикасини такомиллаштириш борасида қоннинг юқори сифатли таркибий қисмларига бўлган эҳтиёж сезиларли даражада ошган».
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев гематология ва трансфузиология хизматларини ривожлантириш учун 128 миллиард сўм (11,1 миллион доллар) ажратиш бўйича топшириқ берди. Ваҳоланки, бу йўналишда фойдаланиладиган 67 турдаги дори воситалари ва реактивлар асосан четдан келтирилади.
Куни кеча Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Xindeyuan Bioengineering компанияси вакили билан учрашган. Томонлар Самарқанд вилоятидаги «Ургут» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида 250 миллион долларлик инвестиция лойиҳасини амалга оширишга келишиб олганлар.
15 гектар майдонда қон маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи фармацевтика заводи қурилади. Бу Марказий Осиёдаги ягона завод бўлади.
Бундан олдин, 2022-2026 йиллари Ўзбекистон ҳукумати фармацевтика саноатида умумий қиймати 1,25 миллиард доллар бўлган 104 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни режалаштираётгани, бу билан ички бозорни таъминлаш кўрсаткичини ҳозирги 55 фоиздан 80 тага етказишини маълум қилинган эди.