Қозоғистонда ҳарбий аскар 2022 йил январида тинч аҳоли машинасига ўқ ўзгани учун 7 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Айбланувчи Данияр Егембаев (ўнгда). kaztag.kz сайти фотосурати

Олмаота гарнизони ҳарбий суди январь воқеалари вақтида Толдиқўрғонда автомашинага ўт очган аскар Данияр Эгемаевни етти йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда суд матбуот хизматига таяниб, «Информбуро» хабар берди.

Тергов маълумотларига кўра, 2022 йил 8 январида Толдиқўрғонда комендантлик соати жорий қилингандан сўнг милиция бўлимини қўриқлаётган Эгембаев Toyota Corolla русумли автомашинани кўриб қолган ва у томонга қараб автоматдан ўқ узган. Машина ҳаракатда бўлгани учун аскар отишни давом эттирган ва охир-оқибат объектга қаратиб 30 та ўқ узган.

Инцидент оқибатида икки киши — машинани бошқараётган Нурболат Сейитқулов ва унинг 15 ёшли қизи Нурай Оразихон ҳалок бўлган. Аниқлик киритилишича, Сейитқуловнинг рафиқаси ҳам воқеа жойида вафот этган, бироқ унинг ўлими факти алоҳида процессга бўлинган, чунки унга тегган ўқларга доир тафсилотлар аниқланмаган.

Шундай қилиб, Эгембаев икки кишининг ўлимида айбдор деб топилган.

«Жазо тайинлашда суд жиноий жавобгарликни енгиллаштирувчи ва жазолаш ҳолатларини белгиламаган. У фавқулодда вазиятда жиноят содир этганлик, қасамёдини бузишни оғирлаштирувчи ҳолатлар деб тан олган»,дейилади ҳарбий суд баёнотида.

Эгембаев Қозоғистон Жиноят кодексининг 451-моддаси 2-қисми 1-банди («Ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиш») бўйича етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Бундан ташқари, суд жабрланувчига етти миллион тенге (15 550 доллар) миқдорида маънавий зарар ундирган.

Маҳаллий ОАВ марҳум оиласининг яқинлари сўзларига таяниб ёзишича, толдиқўрғонликлар комендантлик соати бошланишидан олдин меҳмонлардан уйга қайтишни режалаштиришган. Бироқ, улар чекловлар соат 20:00 да ўрнатилишини билишмаган, чунки аввалроқ телевидение орқали комендантлик соати соат 23:00 дан 7:00 гача амал қилиши маълум қилинган.

ℹ️ 2022 йил январь ойининг биринчи кунларида Қозоғистонда газ нархининг икки баравар ошиши фонида норозилик намойишлари бошланган ва бу тартибсизликларга айланиб кетганди. Шундан сўнг мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш бўлганини эълон қилди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди.

7 январга келиб вазият барқарорлашган, 19 январдан бутун республика бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинган. Тўполон натижасида ҳалок бўлганларнинг расмий рўйхатига 238 та кишининг исми-шарифи киритилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ