Тожикистон ИИВ «Ориёнбанк» раиси ўринбосарининг ўғирланишига доир маълумот учун 30 минг доллар таклиф қилди

Шуҳрат Исматуллоев. sugdnews.com сайти фотосурати

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги «Ориёнбанк» раиси ўринбосари Шуҳрат Исматуллоевнинг ўғирлаб кетилишига доир маълумот учун 30 минг доллар мукофот таклиф қилди. Шу билан бирга, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари терговга ёрдам бераётган шахслар хавфсизлигини кафолатлайди, дейилади вазирлик хабарида.

ИИВ маълумотларига кўра, 23 июнь куни кечқурун Душанбе шаҳрининг Закариёи Рўзи кўчасида номаълум тўрт нафар шахс Исматуллоевга ҳужум қилиб, ойналари тўлиқ қорайтирилган, қора рангдаги Hyundai Sonata русумли автомашинага ўтиришга мажбурлаган. Кузатув камераларига кўра, автомобиль Лучоб ва Чағатой маҳаллалари ҳудудидан ўтиб, шаҳарни тарк этган.

«Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда», — дейилади ИИВ ахборотида.

«Озоди» радиоси (Озодлик радиосининг Тожикистондаги бюроси, Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган) Душанбенинг турли ҳудудларида «Ориёнбанк» раиси ўринбосарини қидириш бўйича операция ўтказилаётгани ва ҳуқуқ-тартибот идоралари сони кўпайганини таъкидлайди. Пойтахтнинг ғарбий ва шимолий дарвозаларида зобитлар кузатилмоқда.

Нашрнинг аниқлик киритишича, Шуҳрат Исматуллоев «Тожик Эйр» авиакомпанияси собиқ бош директори Дилшод Исматуллозоданинг укаси, шунингдек «Ориёнбанк» раҳбари Ҳасан Абдуллозодага яқин шахс, у эса ўз навбатида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг қариндоши ҳисобланади. Айрим маълумотларга кўра, узоқ йиллар молия ташкилоти раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Исматуллоев аслида унинг раҳбари бўлган.

Шунга ўхшаш яна бир инцидент 20 июнь куни Тожикистонда қайд этилган эди. Республика Бош прокуратураси республика ИИВ Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ёрдамчиси Акмал Юсуфзодани одам ўғирлашда гумон қилиб қўлга олганини тасдиқлади. Тергов маълумотларига кўра, мансабдор шахс ва унинг қариндоши ҳасад туфайли университет ўқитувчиси Исмоил Раҳмоновни жазолашга қарор қилишган. Уни шаҳар ташқарисига олиб чиқишган, қўлларини боғлаб, дарёга улоқтиришган. Ўқитувчининг жасади ҳалиям топилмаган.