Афғонистонда ўтган йили жаҳондаги афюннинг 80 фоизи ишлаб чиқарилган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (НЖБ) янги ҳисоботида айтилади.
Бироқ, 2021 йил августидан буён Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилиб келаётган «Толибон»* радикал ҳаракати расмий вакили Забиулла Мужоҳид мамлакатда кўкнори етиштирилмаслигини айтди.
«Мана икки йилдан бери [опий] кўкнори етиштириш тақиқланган. Ишончим комилки, [опийнинг] бир фоизи ҳам ишлаб чиқарилмаган, агар ишлаб чиқарилган бўлса, йўқ қилинган. Бу 2023 йили Афғонистонни кўкнори етиштиришдан бутунлай тозалаганимизни англатади... [дунёда афюн етиштириш ҳақидаги] баёнот ҳақиқатга тўғри келмайди», — деди у.
БМТ НЖБ томонидан эълон қилинган алоҳида ҳисоботда айтилишича, Афғонистонда 3,5 миллионга яқин гиёҳванд моддалар истеъмол қиладиган инсонлар яшайди, бу умумий аҳолининг деярли 10 фоизини ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси маълумотларига кўра, ўтган йил ноябрь ойи ҳолатига кўра, Афғонистонда кўкнори етиштириш ўтган йилга нисбатан 32 фоизга ошиб, 233 минг гектарни ташкил қилган.
Асосий экин майдонлари — 73 фоизи Афғонистоннинг жануби-ғарбий вилоятларида тўпланган бўлиб, у ерда ҳам ҳосилдорликнинг энг катта ўсиши кузатилган. БМТ Наркотиклар ва жиноятлар бошқармасининг ноябрь ойидаги ҳисоботига кўра, Гилманд вилоятида экин майдонларининг бешдан бир қисми кўкнори етиштиришга ажратилган.
*Юлдузча билан белгиланган ташкилотлар Россия ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).