Ўзбекистондаги икки компания Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларининг 11-пакетига киритилди

russiancouncil.ru сайти фотосурати

Евроиттифоқнинг Россияга қарши санкцияларининг 11-пакети Ўзбекистоннинг икки компанияси — Alfa Beta Creative ва GFK Logistic Asiaни ўз ичига олади, зеро экспертларнинг фикрича ушбу кампаниялар Россия Федерацияси ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Европа Комиссияси ўз веб-сайтида бундай корхоналарнинг тўлиқ рўйхатини эълон қилди.

Ташкилотда таъкидланганидек, бу гал санкциялар остида қолган компаниялар рўйхати 87 та корхона билан тўлдирилди. Уларнинг икки мақсадли товарлар ва илғор технологиялар экспорт қилишига чекловлар қўйилади.

Россия компанияларидан ташқари, Хитой, Ўзбекистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Сурия ва Арманистонда рўйхатдан ўтган қатор Эрон компаниялари ҳам бор.

Ўзбекистон корхоналарига келсак, улар АҚШ Савдо вазирлигининг санкция рўйхатига киритилган эди. Департамент маълумотларига кўра, бу компаниялар Россия ҳарбий ва мудофаа саноати эҳтиёжлари учун Америка товарларини сотиб олиш бўйича мавжуд чекловларни четлаб ўтишга ҳаракат қилган.

Еврокомиссия ушбу санкциялар пакети учинчи давлатларга нисбатан чекловлар ўрнатиш имконини берувчи янги механизмни жорий қилганини таъкидлади.

«Бу Европа Иттифоқига юрисдикциялари доимий ва айниқса, айланиб ўтиш хавфи юқори бўлган айрим учинчи давлатларга айрим товарлар ва технологияларни сотиш, етказиб бериш, узатиш ёки экспорт қилишни чеклаш имконини беради», — дейилади Европа Комиссияси баёнотида.

Санкцияларнинг 11-пакети савдо, транспорт ва энергетика соҳаларига тааллуқлидир. Хусусан, Европа Иттифоқи томонидан тақиқланган:

✅ Россия қуроллари учун яна 15 тоифадаги бутловчи қисмларни экспорт қилиш;

✅ Россия Федерациясига двигател ҳажми 1,9 литрдан ортиқ бўлган янги ва эскирган автомобилларни, шунингдек, электр ва гибрид автомобилларни экспорт қилиш;

✅ рухсат этилган товарларни ишлаб чиқаришга оид интеллектуал мулк ҳуқуқларини ёки тижорат сирларини Европа Иттифоқидан ташқарида ишлаб чиқармаслик учун сотиш, лицензиялаш ёки учинчи давлатларга ўтказиш;

✅ Россиядан тиркама ва ярим тиркамаларни олиб кириш;

✅ Россия нефтини «Дружба» қувурининг шимолий тармоғи орқали Германия ва Польшага ташиш;

✅ Европа Иттифоқи портларига Россия нефтини ташувчи кемалар, шунингдек Россиядан нефтни ташишда чекловларга дучор бўлганда «навигацияни кузатиш тизимларини манипуляция қиладиган ёки ўчириб қўядиган» кемаларнинг киритилиши;

Бундан ташқари, Қозоғистон нефтини Россияни четлаб Европа Иттифоқига ташиладиган КҚК (Каспий қувури консорциуми) қувурига хизмат кўрсатишни таъминлаш учун илгари киритилган чекловлардан четланишлар белгиланди.

Янги санкциялар пакетига, шунингдек, Европа Иттифоқи мамлакатларидаги активлари музлатилиши керак бўлган 100 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар киради. Рўйхатдан юқори мартабали ҳарбий амалдорлар, Украина фуқароларига қарши сиёсий сабабларга кўра қарорлар қабул қилган судялар, ишбилармонлар, тарғиботчилар, Россия армиясини технология ва дастурий таъминотлар билан таъминловчи IT-компаниялар ўрин олган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ