Промоутер Геннадий Головкиннинг профессионал боксдаги фаолиятини давом эттиришига шубҳа қилмоқда

Геннадий Головкин. sportishka.com сайти фотосурати

Matchroom Boxing промоутерлик компанияси директори Эдди Хирн қозоғистонлик боксчи Геннадий Головкин (42-2-1, 37 КО) фаолиятини профессионал боксда давом эттирмоқчи эканига шубҳа билдирди. Бу ҳақда Vringe нашри хабар берди.

Хирн Головкиннинг навбатдаги, супер ўрта вазнда жанг ўтказиш вариантини танлаэ экан Геннадий фаолиятини давом эттирадими, дея ҳайрон бўлди.

«Эдгар Берланга ва Хайме Мунгуиа ўртасидаги жанг жуда ажойиб. Лекин Головкин Мунгуиадан анча кучли. Ягона савол — у фаолиятини давом эттирадими? Ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Головкиннинг зарбаси қаттиқроқ. У анча яхши боксчи. Ҳа, у ёш эмас, улуғ ёшда. Ҳа, у фаолиятининг чўққисини босиб ўтди. Аммо у ажойиб жангчи бўлиб қолмоқда. Менга Мунгуиа ёқади. Аммо Геннадийдан фарқли ўлароқ, уни элита тоифасидаги жангчи деб аташ мумкин эмас. Резюме ва мухлислар учун Головкинга қарши жанг анча ажойиб бўларди. Бундан ташқари, Головкин Нью-Йоркдаги Madison Square Garden аренасида бир неча марта жанг қилган. Яна такрор айтаман, энг муҳим савол ечими топмаган — Головкин боксни давом эттирармикан?», — дейди Хирн.

Геннадий Головкин сўнгги бор 2022 йил сентябрида рингга чиққан ва Саул «Канело» Алваресга ютқазган эди. Бу йил қозоғистонлик чемпионлик унвонини ҳимоя қилишдан бош тортгани учун IBF, WBA ва IBO чемпионлик камарларидан маҳрум бўлди. Баъзи экспертлар Головкиннинг чемпионлик ҳимоясини ўтказишдан бош тортишини унинг DAZN стриминг хизмати билан фойдали шартномаси борлиги, камар учун жангларда қозоғистонлик ўз рақибларидан қониқмаётгани билан изоҳлашмоқда.

Геннадий Головкин (45 жанг, 42 ғалаба, 1 дуранг, 2 мағлубият, 37 нокаут) собиқ IBF, IBO, WBA, WBC, The Ring (2018) бўйича жаҳон чемпиони. Олимпия ўйинлари кумуш медали совриндори (2004), Жаҳон ва Осиё чемпионатлари совриндори. Узоқ вақт давомида у Қозоғистоннинг жаҳон спортидаги энг машҳур вакили ҳисобланган. Бугунги кунда Головкин ушбу унвонни теннисчи Элена Рибакинага бериб қўйган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ