Тожикистонда Толиб Аёмбековнинг эркинликда юрган охирги укаси қамалди

bomdodrus.com сайти фотосурати

Тожикистонда Тоғли Бадахшон мухтор вилояти (ТБМВ) норасмий раҳбарларидан бири саналмиш Толиб Аёмбековнинг укаси Рашид Аёмбековга нисбатан ҳукм чиқарилди. У 10 йилга озодликдан маҳрум этилди, деб хабар беради журналист Анора Саркорова.

Унинг сўзларига кўра, Тоғли Бадахшон мухтор вилояти суди 53 ёшли Рашид Аёмбековни Тожикистон Жиноят кодексининг 187-моддаси 2-қисми («Жиноий ташкилотда иштирок этиш») бўйича айбдор деб топган.

Рашид Толиб Аёмбековнинг озодликда қолган укаларининг энг кичиги ва охиргиси. Уйланган, тўрт фарзанднинг отаси. Тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Хавфсизлик кучлари уни 2023 йил апрель ойида рафиқаси билан Душанбега кетаётган вақтида Дарваз туманида қўлга олган. Анора Саркорованинг сўзларига кўра, Рашид Аёмбековга нисбатан Жиноят кодексининг бир қанча моддалари бўйича айблов қўйилган, бироқ тергов уларнинг бирортасини ҳам исботлай олмаган.

ℹ️ Толиб Аёмбеков Тоғли Бадахшоннинг етти норасмий раҳбарларидан бири бўлиб, Тожикистон ҳукумати улар билан 2018 йил октабрь ойида қуролларни топшириш, «йиғилишлар» уюштирмаслик ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилмаслик мажбуриятларини ўз ичига олган алоҳида шартномаларни имзолаган. 2022 йил 22 ноябрда у умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Шу куни Аёмбековнинг икки укаси Оқил ва Аноятшо норасмий раҳбарнинг собиқ ҳайдовчиси Ҳамза Муродов билан биргаликда 30 йилдан қамоқ жазосини олишган, жияни Мамадамон Аёмбеков эса 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Анора Саркорова Толиб Аёмбековнинг уч ўғли қамоққа ташланганини эслайди:

👉 33 ёшли Ғуломали Абдураҳмонов умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган;

👉 29 ёшли Маҳмадали Абдураҳмонов — 15 йилгача озодликдан маҳрум этилган;

👉 25 ёшли Ҳасанали Абдураҳмонов — 20 йилга;

👉 яна бир жияни — Қурбонжон Аёмбеков 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.

«Бир оиладан 10 киши. Помир қатағонлари давом этмоқда»,дея хулоса қилади журналист.

ℹ️ Помирликлардан иборат бўлган ТБМВ аҳолиси ва асосан этник тожиклардан иборат Душанбе ҳукумати ўртасидаги қарама-қаршилик 2012 йилдан бери давом этиб келади. 2018 йили республика президенти Эмомали Раҳмон Помирга қарши мунтазам армиядан фойдаланишга рухсат берган. Ўшандан бери Тоғли Бадахшонда вақти-вақти билан фуқаролик итоатсизлиги ҳаракатлари содир бўлиб туради ва хавфсизлик кучлари уларни қаттиқ бостириб келади.

Мухторият аҳолиси ва Тожикистон хавфсизлик кучлари ўртасидаги сўнгги қарама-қаршилик 2022 йил 14 ва 16 май кунлари Хоруғдаги митинглардан кейин содир бўлган. 18 май куни мухтор вилоятнинг Рушан туманида, Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 200 га яқин одам хавфсизлик кучларининг катта карвони Тоғли Бадахшон маъмурий марказига ўта олмаслиги учун «Душанбе-Хоруғ» автомобиль йўлини тўсиб қўяди. Шундан сўнг аксилтеррор операцияси бошланади. Натижада, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, 40 дан ортиқ маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган. Ўнлаб одамлар ҳибсга олинган, уларнинг кўплари судланган.