Қозоғистон ва Озарбайжон Транскаспий йўналишини ривожлантириш учун логистика компаниясини тузди

Алихан Смаилов ва Али Асадов. Озарбайжон ҳукумати сайти фотосурати

Қозоғистоннинг «КазМунайГаз» миллий компанияси ва Озарбайжон давлат нефть компанияси (SOCAR) Қозоғистон нефтини Озарбайжон ҳудуди орқали транзит қилиш бўйича стратегик ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади. Бу ҳақда Озарбайжон ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат Қозоғистон Бош вазири Алихон Смоилов ва унинг озарбайжонлик ҳамкасби Али Асадовнинг Бокудаги музокаралари якунида имзоланди.

Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири Марат Карабаевнинг маълум қилишича, шартномани бошқа иштирокчи томон – Грузия яқин келажакда имзолаши кутилмоқда.

«Ягона компания... тарифларни бирлаштириш ва ТХТЙда барча юкларни қайта ишлаш билан шуғулланади. Компаниянинг асосий вазифаси Хитой ва Европа ўртасида юк ташишни амалга ошириш бўлади. Барча жараёнларни максимал даражада соддалаштириш кўзда тутилган. Илгари йўналиш бўйлаб юкларни етказиб бериш муддати 53 кун бўлган бўлса, бугунги кунда у 18-23 кунгача қисқартирилди. Янги компания фаолияти жорий йилда етказиб бериш муддатини кафолатланган 18 кунгача, кейин эса 10-15 кунгача қисқартиради», — деди Қарабаев.

Озарбайжон ҳукумати матбуот хизмати хабарига кўра, Смаилов ва Асадов ўртасидаги учрашув якунларига кўра, қуйидагилар келишувлар ҳам имзоланган:

👉 «Озарбайжон темир йўллари» АЖ, «Қозоғистон темир йўллари» миллий компанияси ва «Грузия темир йўллари» АЖ ўртасида қўшма корхона ташкил этиш ва фаолиятининг асосий тамойиллари тўғрисидаги келишув;

👉 Озарбайжон Рақамли ривожланиш ва транспорт вазирлиги ҳамда Қозоғистон Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги ўртасида транспорт ҳамкорлигини кенгайтириш ва Ўрта йўлакни рақамлаштириш соҳасида ҳамкорлик меморандуми;

👉 Кема ва темир йўл локомотивларини етказиб бериш соҳасида ҳамкорлик меморандуми – Озарбайжон Иқтисодиёт вазирлиги ва Қозоғистон Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги ўртасида меморандум;

👉 туризм, спорт ва маданият соҳаларида ҳамкорлик тўғрисидаги идоралараро ҳужжатлар.

ℹ️ Ўрта йўлак Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (ТХТЙ) нинг яна бир номланишидир. У Хитой-Қозоғистон чегарасидан Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия, Туркия орқали ва ундан кейин Европа давлатларига ўтади. Транспорт темир йўл ва денгиз транспортини (Каспий денгизи сувлари орқали) ўз ичига олади. Йўналиш узунлиги 11 минг км, ўтказиш қобилияти йилига 4,5 миллион тоннадан 27 миллион тоннагача. ТХТЙ 2017 йили иш бошлаган.

ТХТЙ халқаро ассоциацияси 8 мамлакатдан 20 дан ортиқ магистрал инфратузилма эгалари ва ташувчиларни бирлаштиради. Булар Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Хитой, Польша, Руминия, Украина ва Туркиядир. 2021 йил ёзида Ўзбекистон лойиҳа иштирокчиларига ассоциатив аъзо сифатида қўшилиш қарорини эълон қилди. Уюшманинг бош қароргоҳи Остона шаҳрида жойлашган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ