Қозоғистонда давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган ижодий фаолият турлари аниқланди

complaneta.ru сайти фотосурати

Қозоғистонда ижодий индустрия билан боғлиқ иқтисодий фаолиятнинг 43 асосий тури тасдиқланди ва улар давлат ёрдамига таяниши мумкин. Республика Бош вазири Алихон Смоилов томонидан тасдиқланган рўйхат Adilet сайтида эълон қилинган.

Рўйхатга IТ ва ўйинларни ишлаб чиқиш, кино ва теледастурлар, архитектура ва мода, мусиқа ва анимация, фотография ва дизайн, заргарлик ва ҳунармандчилик каби соҳалар киради. Рўйхатга маданият ва дам олиш муассасалари, музейлар ва кутубхоналар ҳам киритилган.

«Вазирликнинг ижодий ҳамжамият ва давлат идоралари билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлари туфайли Қозоғистонда илк бор ижодий соҳаларни молиявий ва номолиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Ушбу соҳанинг янгилиги ва ҳатто халқаро миқёсда ҳам ягона мезонлар йўқлиги сабабли жараён бироз вақт талаб қилди. Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар жорий йили соҳадаги вазият чуқур ўрганилгандан сўнг ҳукуматга кўриб чиқиш учун киритилади», — деди Маданият ва спорт вазири ўринбосари Ержан Еркинбаев.

Аниқлик киритилишича, мезонлар имкон қадар соддалаштирилиб, халқаро тавсияларга мувофиқлаштирилган. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазирлиги зиммасига юкланган.

Бир неча ўнлаб фаолият турларини иқтисодиётнинг ижодий секторига киритиш таклифи Қозоғистон ҳукуматининг 2021 йил ёзида бўлиб ўтган йиғилишида билдирилган эди. Шу билан бирга, ижодий соҳалар учун венчур фондини шакллантириш таклиф этилди, бунинг натижасида ижодий тадбиркорлик соҳасидаги объектларни қўллаб-қувватлаш ва Остона ва Олмаота шаҳарларида иккита ижодий кластерни ривожлантириш мумкин бўлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ