Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали битирувчиларидан бири қорақалпоғистонлик 71 ёшли Шинигул Дўсхўжаева бўлди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.
«Ўрганиш ҳеч қачон кеч эмас, шунинг учун мен олий маълумотли мутахассис бўлишни орзу қилардим. Мана — орзуим амалга ошди. Мен магистратурада ўқишни давом эттиришни режалаштиряпман», — дейди университетнинг кекса битирувчиси ўз ҳис-туйғулари билан ўртоқлашаркан.
2017 йили 66 ёшида хориж университети дипломини олган ўзбекистонлик Адолат Мусаев ҳақида хабар берилган эди. Андижон вилоятида яшовчи фуқаро Ўш давлат университетида олти йил ўқиб, шифокор бўлди. Унинг сўзларига кўра, у ўз ватанида 30 йилдан ортиқ фельдшер бўлиб ишлаган ва ҳар доим олий маълумотли бўлишни орзу қилган.
Ўзбекистонда ёши улуғ абитуриентлар ҳақида аввал ҳам хабар берилган. Масалан, 2019 йили имтиҳон топшириш вақтида 87 ёшу 182 кунлик бўлган эркак рекордсмен бўлганди. Бироқ, орадан бир йил ўтиб, бу ютуқни Самарқанд вилоятида яшовчи фуқаро ортда қолдирган эди. 95 ёшдаги инсон талаба бўлишга қарор қилганди.
Ўзбекистонда олий ўқув юртларига абитуриентлар учун белгиланган ёш чегараси 2019 йили бекор қилинган. Натижада 50 ёшдан ошган 672 нафар, 40 ёшдан 50 ёшгача бўлган 14 минг нафардан ортиқ абитуриент ҳужжат топширган.