Бугун маъмурий ҳибсдан озод қилиниши керак бўлган қозоғистонлик журналист Думан Мухаметкарим терроризмни молиялаштириш иши бўйича гумонланувчи деб топилган. Шундай қилиб, у яна камида 48 соатни ҳибсда ўтказади, деб ёзади «Власть» нашри маҳбуснинг адвокати Ғалим Нурпеисовга таяниб.
Адвокатнинг сўзларига кўра, бугун ёки эртага суд бўлиб ўтади, у янги иш бўйича тергов жараёнида Мухаметкаримга нисбатан эҳтиёт чорасини танлайди.
Бугун, 22 июнь куни журналист тинч йиғилиш ўтказиш тартибини бузгани учун 25 кунга ҳибсга олинганидан сўнг озод этилиши керак эди. Шу муносабат билан Олмаота вилояти Или тумани милиция бўлими биноси ёнида Мухаметкаримнинг фаоллари, яқинлари ва дўстлари йиғилган. Улар «Бўстондиқ!» («Озодлик!») деб ҳайқиришган ва жамоат арбобининг озод этилишини кутишган.
Бундан ташқари, маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, полиция участкасидан автозак чиқиб кетаётганда оломон ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида можаро келиб чиққан. Фаоллар машинада Мухаметкарим бўлиши мумкин, деб ўйлаб, йўлни тўсиб қўйишган.
Бироқ кейинроқ, адвокатнинг тушунтиришларидан сўнг, журналист яна камида икки кун ҳибсда сақланиши маълум бўлган.
Мухаметкарим шу йил бошидан бери 3 марта жами 25 кунга ҳибсга олинган. Унинг маъмурий жавобгарликка тортилишига тинч намойишларга, масалан парламент сайловлари натижаларига қарши чиқиши ёки сиёсий қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган митингга чиқишга чорловчи постлари сабаб бўлган.
Июнь ойи ўрталарида Ғалим Нурпеисов ўз ҳимояси остидаги шахс терроризмни молиялаштириш ва тақиқланган экстремистик ташкилотда иштирок этиш бўйича ишда ҳимояланиш ҳуқуқига эга гувоҳ мақомида эканлигини айтган. Шу билан бирга, адвокат тергов қочоқ банкир ва мухолифат етакчиси Мухтор Аблязовнинг Мухаметкаримга берган интервьюси билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
Қозоғистон расмийлари томонидан ОАВ ходимлари касбий фаолияти учун таъқибга учрагани ҳақида аввал ҳам хабар берилган эди. Хусусан, жорий йилнинг март ойида терговчи журналист Михаил Козачков шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузгани ва била туриб ёлғон маълумот тарқатгани учун 3,5 йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.