Давлат мулкини ўзлаштиришда айбланган шахс Навоий шаҳар ҳокимлигида ўз лавозимига тикланди

Навоий ҳокимиятига кириш жойи.navoiy.uz сайти фотосурати

Навоий шаҳар ободонлаштириш бўлимининг собиқ бошлиғи, муқаддам ўта йирик миқдорда давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланиб судланган Юсуф Турсунов ўз лавозимини тиклади. 21 июнь куни уни тайинлаш тўғрисидаги қарорни Навоий шаҳар ҳокими Муратхон Эгамқулов имзолади, деб ёзади Uznews.uz.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил март ойида Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар суди Турсуновни Ўзбекистон Жиноят кодексининг икки моддаси – давлат мулкини ўзлаштириш ва мансаб ҳужжатларини қалбакилаштириш бўйича айбдор деб топиб, унга ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ушлаб қолган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлаган эди. Шунингдек, суд Турсуновга бир ярим йилга раҳбарлик ва жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларни эгаллашни тақиқлаган. Тақиқ ўша йилнинг 18 августидан кучга кирган.

Суд ҳукмига кўра, Турсунов 2019 йили ҳокимлик бош ҳисобчиси ва Paradise System Servise масъулияти чекланган жамияти мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктириб, 690 дона кўча чироқларини харид қилиш, яъни ҳар бирига 1,2 миллион сўмдан тўлаш учун компаниянинг ҳисоб-китоб ҳисобварағига 997 миллион сўмдан ортиқ (93 минг доллар) ўтказиб берган. Экспертиза хулосасига кўра, бундай турдаги битта чироқ уч баробар арзон — 384 минг сўм турган. Шу тариқа жиноятчилар 732 миллион сўмни чўнтагига урган. Кейинчалик, худди шу схема бўйича шериклар 321 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштиришган. Шундай қилиб, аниқланган зарар 1,053 миллиард сўмни (99 минг доллар) ташкил этган.

Август ойида Апелляция суди ахлоқ тузатиш ишлари муддатини 2 йил 7 ойга қисқартиради, шундан сўнг суд қарори кучга кирган. Аммо Турсунов ободонлаштириш бўлими бошлиғи лавозимида қолган. 31 август куни эса ўша пайтда Навоий ҳокими лавозимини эгаллаб турган Муҳиддин Бозоров ҳатто Турсуновни мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан ойлик маоши миқдорида мукофот пули билан тақдирлаган. 2021 йил октабрь ойида Турсуновнинг лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар пайдо бўлганди.

Суд томонидан белгиланган жазо муддати бирон-бир сабабга кўра тугаганми ёки йўқми, хабар берилмаган. Суд ҳукмига кўра, Турсунов 2024 йилнинг мартигача ахлоқ тузатиш ишлари билан шуғулланиши керак эди.

Янгиланган хабар. Оммавий ахборот воситаларида юзага келган резонансдан сўнг Навоий вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳ томонидан ички текшириш ўтказилгани, натижада Турсунов ишдан бўшатилгани, кадрлар тайинлашда хатоликка йўл қўйган ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилгани ҳақида хабар берди. Навоий шаҳар ҳокими Эгамқулов 22 июнь куни имзолаган қарорда Турсунов ўз хоҳиши билан истеъфога чиққани айтилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ