Қозоғистон Маданият вазирлиги «юлдузлар» учун давлат концертларида тўланадиган гонорарлар миқдорини маълум қилди

РОЗА РИМБАЕВА, ДИМАШ КУДАЙБЕРГЕН, МАРИЯ МУДРЯК. "ФАРҒОНА" КОЛЛАЖИ

Қозоғистон Маданият ва спорт вазирлиги «Очиқ НҲА» порталида ижтимоий аҳамиятга молик маданий тадбирларни молиялаштириш тўғрисидаги буйруқ лойиҳасини эълон қилди, унда маҳаллий санъаткорларнинг давлат концертларида қатнашиши учун тўланадиган гонорарлар тўғрисидаги маълумотлар келтирилган. Бу ҳақда Tengrinews.kz хабар беради.

Ҳужжатда қайд этилишича, миллий ва давлат байрамларига бағишланган тантанали тадбирлар ва гала-концертларда иштирок этувчи санъаткорларнинг хизматлари нархига ижрочиларнинг мақоми, обрў-эътибори ва маҳорат даражаси таъсир қилади.

«Форматга кўра, бир вақтнинг ўзида Қазақстанның Еңбек Ері (Қозоғистон Меҳнат Қаҳрамони), СССР халқ артисти, Қозоғистон ССР халқ артисти, Қозоғистон халқ артисти унвонларига эга бўлган бир нечта санъаткорларни ушбу тоифага киритиш мумкин. Масалан: Алибек Днишев – 5 миллион тенгедан (11,2 минг доллар), Роза Римбаева – 5 миллион тенгедан, Айман Мусахўжаева – 5 миллион тенгедан, Усенбаева Нуржамал – 2 миллион тенгедан (4,5 минг доллар) ва бошқа кўплаб маблағлар», — дейилади хабарда.

Ҳужжатда бозор таҳлили асосида аниқланган бошқа қозоғистонлик артистларнинг гонорарлари ҳам мавжуд. Масалан, қўшиқчи ва бастакор Димаш Худойбергеннинг чиқишлари 10 миллион тенге (22,4 минг доллар), опера хонандаси Мария Мудряк ва эстрада хонандаси Мирас Жугунусов 5,5 миллион тенге (12,3 минг доллар)га баҳоланган.

Тадбирларда иштирок этувчи таниқли актёрлар ва телебошловчилар учун тўловлар тўғрисида алоҳида сўз юритилади. Уларнинг хизматлари нархига машҳурлик, талаб, профессионаллик ва унвоннинг мавжудлиги таъсир қилади. Жумладан, Қозоғистоннинг хизмат кўрсатган арбоблари, актёрлар Берик Айтжанов ва Азамат Сатибалди 1,3 миллион тенге (тахминан 3 минг доллар), телебошловчи Динара Байзакова — 700 минг тенгедан (1,5 минг доллар), Сағиш Абикеева — 550 минг тенгедан (1,2 минг доллар) олишлари мумкин.

Ҳужжат муаллифлари қозоқ «юлдузлари»нинг иштироки тадбир бюджетига жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигини тушунтириб, ушбу банд бўйича меъёрларни оширишни таклиф қилишмоқда: лойиҳа умумий қийматининг 10 фоизидан 25 фоизигача – бу ҳолатда меҳнат қаҳрамонлари ва халқ артистлари, хизмат кўрсатган артистлар ва давлат мукофоти лауреатларига нисбатан 7 фоиздан 20 фоизгача.

Кейинчалик Маданият вазирлигидагилар «юлдузлар»нинг гонорарлари ҳақидаги маълумотни нотўғри деб атади.

«Очиқ НҲА портали қозоғистонлик санъаткорларнинг гонорарлари ҳақида нотўғри маълумотларни эълон қилган. Таъкидлаш жоиз, артистлар кўпинча давлат концертларида бепул қатнашадилар. Уларнинг аксарияти хайрия концертларида фаол иштирок этишади. Маданият қўмитаси раҳбарияти давлат концертларини ўтказиш харажатларини ошириш бўйича қарорлар қабул қилмаган», — дея вазирлик матбуот хизматидан иқтибос келтирган Kaztag.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ