Ўзбекистоннинг собиқ Ташқи ишлар вазири Владимир Норов давлат хизматидан кетишга қарор қилган. Бу ҳақда сиёсатчи 21 июнь куни Twitter да маълум қилди.
«Давлат муассасалари ва хорижий дипломатик миссиялардаги 45 йиллик фаолиятимдан сўнг нафақага чиқишга қарор қилдим. Қароримни қўллаб-қувватлагани учун президент Шавкат Мирзиёевдан чин дилдан миннатдорман», — деб ёзган Норов.
У ўрнатган барча алоқаларидан Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатини илгари суриш, мамлакатнинг халқаро нуфузини ошириш, Ўзбекистон ва Марказий Осиё иқтисодиётига инвестициялар, инновацион технологиялар ва рақамли ютуқларни жалб қилиш учун фойдаланиш ниятида эканини таъкидлади. «Бунинг учун мен Silk Road Advisory консалтинг компаниясини ташкил қилдим», — дея қўшимча қилади Норов.
ℹ️ Владимир Норов 1955 йил 31 августда Бухорода туғилган. 1976 йилда Бухоро педагогика институтининг математика факультетини тамомлаган, сўнг ҳарбий хизматни ўтаган. Хизматдан қайтгач, жиноят қидирув бўлимида ишлай бошлаган. 1985 йили СССР Ички ишлар вазирлигининг Москвадаги академиясини, 1990 йилда Академиянинг аспирантурасини тамомлаган. Ҳуқуқ фанлари номзоди. Инглиз, немис ва рус тилларида гапиради. Уйланган, учта фарзанд отаси.
Норов 1995 йили Ташқи ишлар вазирлигига ўтади. Фавқулодда ва Мухтор Элчи дипломатик даражасига эга. Германия, Швейцария, Польша, Бельгия, Бенилюкс давлатлари, шунингдек Европа Иттифоқи ва НАТОда Ўзбекистондан вакил бўлган.
2019 йил 1 январдан 2021 йил 31 декабргача ШҲТ Бош котиби, сўнгра Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган. 2022 йил апрель ойида у Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланади. Сентябрь ойида у ўз лавозимига тасдиқланган, декабрь ойининг охирида у лавозимидан озод қилинган. Норовнинг ўрнига бу лавозимга Бахтиёр Саидов тайинланади. Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Марказий Осиё халқаро институти директори лавозимида ишлаган.