Ёш аскарларни тахқирлаган тожикистонлик чегарачилар устидан жиноий иш қўзғатилди

Жанжалга сабаб бўлган сурат. Тожикистон Бош прокуратураси сайти фотосурати

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинларининг икки кичик сержанти Мухриддин Исмоилов ва А.Давлатовлар бир гуруҳ янги келган аскарларнинг сочларини қиртишлаб, ҳарфлар солишганига доир сурат интернетда пайдо бўлгач, улар устидан мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Республика Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар беради.

Назорат органи томонидан олиб борилган текширувга қўра, шов-шувли сурат 2022 йил январь ойида олингани маълум бўлди. Исмоиловга ҳарбий қисм жойлашган жойда янги келган аскарлар сочини олиш топширилган.

Бироқ, кичик сержант ўзининг янги аскарлардан устунлигини кўрсатмоқчи бўлиб, уларнинг сочларини қиртишлаб, бошларида ўзи туғилиб ўсган шаҳри – Конибодом сўзини ясайди.

Кейин сартарош йигитларни бир сафга тизиб,уларнинг фонида ўзи суратга тушади, у ерда қўл остидагилар таъзим қилиб, шаҳар номини кўрсатишади. Суратни яна бир кичик сержант – Давлатов олган. У ҳам шу йилнинг 15 июнь куни армиядан демобилизация қилинганидан сўнг файлни интернетга жойлаган.

Бош прокуратура томонидан ўтказилган текшириш натижаларига кўра, Исмоилов ва Давлатовга нисбатан Тожикистон Жиноят кодексининг 391-моддаси («Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш») билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу моддага кўра, энг юқори жазо беш йилгача озодликдан маҳрум бўлишни назарда тутади.

Тожикистон армиясида «дедовщина» кенг тарқалган иллат ҳисобланади. Масалан, май ойи охирида аскарларнинг оммавий калтакланиши бўйича суд жараёни тугагани хабар қилинган эди. Натижада суд саккиз кишини айбдор деб топган: тўрт нафар айбланувчи 9,5 йилга, яна тўрт нафари, жумладан биринчи Ворух чегара қўмондонлиги бошлиғи, подполковник Нузҳат Лазуриев 11,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Қуролли Кучлардаги ана шундай вазият фонида Бош прокуратура ҳарбий қисмларни текширишни бошлади. Бошқарма бошлиғи Юсуф Раҳмон «дедовщина» ва бошқа уставдан ташқари ҳолатларни аниқлаш мақсадида мазкур йўналишда назоратни кучайтириш бўйича топшириқ берди.

ℹ️ Тожикистон ҳукумати БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига юборган ҳисоботида айтилишича, биргина 2019-2021 йиллар оралиғида тожик армиясида уставдан ташқари муносабатлар, аскарларга нисбатан қўпол муомала ва қўмондонларнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилиши оқибатида 100 дан ортиқ ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Тожикистон Бош прокуратураси сўнгги ҳисоботида кейинги уч йилда ҳарбий қисмларда содир этилган жиноятларни яширганлик учун 639 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилганини билдирган.