Қозоғистоннинг собиқ маданият ва спорт вазири, Миллий музей собиқ директори Аристанбек Мухамедиули 8 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Остона суди матбуот хизмати хабар берди.
Ҳукм 20 июнь куни Қозоғистон пойтахтининг 2-Бойқўнғир туман судида эълон қилинди. Мухамедиули Жиноят кодексининг 28-моддаси («Жиноятни ташкил этиш») ва 189-моддалари («Растрата ёки ўзлаштириш, яъни айбдор шахсга ишониб топширилган ўзганинг мол-мулкини ўта йирик миқдорда ўғирлаш») билан айбдор деб топилган.
«Аниқланишича, 2020 йили Миллий музей директори Аристанбек Мухамедиули ўғирликнинг ташкилотчиси бўлиб, бир гуруҳ шахслар ўринбосари [Алмаз] Нуразхон билан олдиндан тил бириктириб, «Эспонат» МЧЖ директори ўринбосари [Азамат] Кашенов билан ҳамкорликда ва ушбу МЧЖ ҳисобчиси [Айим] Садвакасова «Олтин одамнинг Ҳиндистон дунё музейлари бўйлаб юриши» халқаро кўргазма лойиҳасини амалга ошириш доирасида растрата йўли билан ва катта ҳажмдаги товарларни жўнатмасдан 155 миллион 100 минг 414 тенгега (335 минг доллар) миқдорда маблағларни ўғирлашган. Айбланувчиларнинг жиноий ҳаракати давлатга 155 миллион 100 минг 414 тенге миқдорида зарар етказган», —дейди судья Баглан Идрисов.
Бир кун аввал сўнгги сўз билан Мухамедиули ўзининг айбсизлигини маълум қилган.
«Мен мамлакат қонунларини бузмаганман, айбимни тўлиқ тан олмайман. Жаноби Олийлари, бундан роппа-роса икки ой олдин бошланган суд жараёни нафақат мени, балки бутун халқимизни сўзларимнинг самимийлигига амин қилди. Менинг тўғрилигимнинг исботи айблов хулосасининг янги таҳрири бўлиб, унда прокурор ўзлаштириш, фитна ва мамлакат қонунларини бузиш бўйича бирорта ҳам факт келтирмаган.Таклиф этилган барча гувоҳлар ҳеч қандай ўзлаштириш фактлари йўқлигини ва ҳатто айбланувчининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ҳам йўқлигини ишончли тарзда такрорладилар», — дея собиқ вазирнинг сўзларидан иқтибос келтиради Tengrinews.
Ҳукм эълон қилинганидан кейин Мухамедиули суд қарорига эътироз билдириш ниятида эканлигини маълум қилди.
Остона суди матбуот хизматининг таъкидлашича, бу иш бўйича судланувчиларнинг айби судланувчи Нуразхон, жабрланувчининг вакиллари, гувоҳлар, мутахассислар ва эксперт хулосалари, ҳужжатларни олиб қўйиш ва тинтув қилиш баённомалари билан исботланган.
Нуразхон, Кашенов ва Садвакасоваларнинг ҳар бири 7 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Бундан ташқари, Мухамедиули ва Нуразхон умрбод давлат хизмати ва квазидавлат сектори лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Кашенов ва Садвакасовларга 10 йил муддатга давлат харидлари билан боғлиқ фаолият билан шуғулланиш тақиқланган.
Аристанбек Мухамедиули 2022 йилнинг май ойида ҳибсга олинган. У мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда ва «Олтин одамнинг дунё музейлари бўйлаб юриши» халқаро кўргазмаси, шунингдек, «Қозоғистон миллий муқаддас объектларини миллий фотограмметрик 3D сканерлаш», «Қозоғистон Республикаси Миллий рақамли кино коллекцияларини рақамлаштириш» лойиҳалари учун ажратилган бюджет маблағларини ўзлаштиришда айбланган.